Эндиликда халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари ва “Маҳалла еттилиги” ҳамкорликда фаолият юритади
Маълумки, 2024 йил 4 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг “Маҳаллалардаги муаммоларни ҳал этишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари ва сенаторларнинг “Маҳалла еттилиги” билан ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Мазкур қарор билан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари ва “Маҳалла еттилиги”нинг ўзаро ҳамкорлик йўналишлари тасдиқланди.
20 апрель куни Амударё тумани ҳокимлигида ушбу қарордан келиб чиқадиган вазифалар ижросига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда мазкур масала бўйича Амударё туманига бириктирилган сенатор – Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон Кенгаши раиси Улиқбек Жалменов, туман ҳокими Собир Хўжаметов, Жўқорғи Кенгеснинг тумандан сайланган депутатлари, халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, ҳокимлик ва идора-ташкилотлар масъуллари қатнашди.
Йиғилишда таъкидланганидек, эндиликда аҳолининг ижтимоий хизматлардан хабардорлигини ошириш, муаммоларини ҳал этиш, ҳудудларда соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни сақлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, бандликни таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш каби масалаларда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари ва “Маҳалла еттилиги” ўзаро ҳамкорликда фаолият юритади.
Бундан ташқари, ушбу ҳамкорлик ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш, аҳолига давлат томонидан кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар сифатини ошириш, маҳаллий бюджет даромадлари барқарорлигини таъминлаш каби масалаларни ҳам қамраб олади.
Қарор билан туман ва шаҳар Кенгаши депутатларига бир ой давомида ўзи бириктирилган маҳалладаги “Маҳалла еттилиги” томонидан амалга оширилган ишлар ҳолатини ўрганиш, бунда “Маҳалла еттилиги” томонидан кўрсатиладиган ижтимоий ёрдам ва ажратиладиган субсидияларнинг манзиллилиги ва асослилигига алоҳида эътибор қаратиш, маҳалла фуқароларининг қабулини ташкил этиш, аниқланган муаммоларни имкон қадар жойида ҳал этиш чораларини кўриш топширилган.
Ўрганиш ва аҳоли билан мулоқот натижалари бўйича аниқланган камчиликлар ҳамда билдирилган таклифлар умумлаштирилиб, туман Кенгаши котибиятига тақдим этилади. Халқ депутатлари туман Кенгаши котибияти эса депутатлар томонидан тақдим этилган муаммоларни тегишлилиги бўйича доимий комиссиялар ўртасида ўрганиш учун тақсимлайди. Туман кенгашининг доимий комиссиялари ҳар ойда депутатлар ҳамда “Маҳалла еттилиги” томонидан кўтарилган муаммоларни мутасадди идоралар вакиллари билан биргаликда ўрганиб, сайёр тарзда муҳокама қилади ва ҳал этиш чораларини кўради. Ўрганиш натижалари бўйича ўз ечимини топмаган муаммолар эса Кенгаш сессияси муҳокамасига киритади.
Эндиликда туман ва шаҳар Кенгашлари ҳар чоракда ҳудуддан сайланган сенатор ва Жўқорғи Кенгес ёки тегишли вилоят Кенгаши депутатлари иштирокида сессия ўтказади. Сессияда “Маҳалла еттилиги” фаолияти ва улар билан ҳамкорлик самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинади. Шунингдек, Маҳалла уюшмаси туман ва шаҳар бўлими раҳбарларининг Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаси даромадлари ва харажатлари ижроси тўғрисидаги ҳисоботи эшитилади. Бундан ташқари, фуқаролар йиғини раисларининг фаолиятига баҳо берилади, ўз фаолиятида жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйган маҳалла раисига нисбатан ишончсизлик билдирилади.
Йиғилишда Олий Мажлис Сенати Кенгашининг юқоридаги қарорини амалга ошириш механизмлари, халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари ва “Маҳалла еттилиги”нинг ўзаро ҳамкорликда фаолият юритишини таъминлашда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатларга батафсил тўхталиб ўтилди.
Айтиш керакки, “Маҳалла еттилиги” – Кенгаш – Сенат” уч бўғинли ҳамкорлик механизмининг амалиётга татбиқ этилиши маҳаллалардаги ишларни тизимли ва самарали ташкил этишга, муаммолар юзасидан ўз вақтида ва таъсирчан депутатлик, Кенгаш ва Сенат назорати ўрнатилишига хизмат қилади.
Ғ.Ешниёзов, Халқ депутатлари Амударё туман Кенгаши раисининг ўринбосари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶