Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг 73-сессияси тўғрисида ахборот
2024 йил 22 май куни туман ҳокимлигининг мажлислар залида Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг 73-сессияси бўлиб ўтди.
Сессия мажлисида секторлар раҳбарлари, ҳоким ўринбосарлари, ҳокимлик масъул ходимлари, бўлимлар, ташкилотлар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Сессияни халқ депутатлари туман Кенгаши раисининг ўринбосари Ғуломжон Ешниёзов очди ва олиб борди. Сессия котиблигига 12-Арнабўйи сайлов округидан депутат Мансур Уразбаев сайланди.
Сессия кун тартибидаги биринчи, яъни “2024 йилнинг 1-чорагида сектор раҳбарлари томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисида”ги масала юзасидан Амударё туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.
Ушбу масала бўйича Амударё тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари
Камилжан Айтбаев ҳисоботида таъкидланганидек, ҳар бир маҳаллага бириктирилган банклар ва ҳоким ёрдамчилари томонидан танлаб олинган кам даромадли 86 та хонадонларга кўмак берилиб, хонадонларга томорқадан олаётган даромадини 50-60 млн сўмга чиқариш бўйича тизимли ишлар амалга оширилган ва давом эттирилмоқда.
Амударё тумани прокурори, 2-сектор раҳбари Азиз Рўзметов кун тартибидаги масала бўйича маърузасида жорий йилнинг ўтган 4 ойи давомида жами 501 нафар фуқаролар ишга жойлаштирилганини, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалий ишлар давом этаётганини таъкидлаб ўтди.
Ушбу масала юзасидан туман Ички ишлар бўлими бошлиғи, 3-сектор раҳбари Жамаладдин Юсупов ҳам ҳисобот берди. Ҳисоботда сектор ҳудудидаги 12 та маҳалаларда аҳолига 7 мингта жўжа арзонлаштирилган нархларда тарқатилгани, 10 минг 502та хонадонлардаги 1 минг 786 гектар томорқа ерларига тўлиқ экин экилиб, ерлардан самарали фойдаланилаётгани қайд этилди.
Амударё тумани солиқ инспекцияси бошлиғи, 4-сектор раҳбари Жаҳонгир Раҳимов ўз ҳисоботида ҳоким ёрдамчилари ва тижорат банкларининг ҳамкорликдаги фаолияти туфайли аҳоли даромадларини ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида 99 нафар фуқарога умумий қиймати 2,1 млрд сўм бўлган имтиёзли кредитлар ажратилгани қайд этилди.
Сессия кун тартибидаги навбатдаги масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Амударё туманидаги Халқ қабулхонаси мудири Анвар Оразбаев ахборот берди. Ахборотда маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича келиб тушаётган мурожаатларни таҳлил қилган ҳолда, ҳоким ёрдамчилари фаолиятининг натижадорлигини ўрганиш якунлари бўйича депутатларга маълумотлар берилди.
Сессияда туман Иқтисодиёт ва молия бўлими бош ҳисобчиси Абай Сағинбаев маҳаллий бюджетнинг 2024 йил 1-чоракдаги ижроси хусусида ҳисобот берди. Қайд этилганидек, 1-чорак давомида маҳаллий бюджетнинг даромадлар қисми аниқланган режа прогнози салкам 13,95 млрд сўм қилиб белгиланган бўлиб, ҳақиқатда 14,5 млрд сўмга, яъни 104,2 фоизга бажарилган. Йилнинг 1-чораги давомида бюджет ҳисобидан салкам 57,8 млрд сўмлик маблағлар сарфланган.
Кун тартибидаги навбатдаги масала юзасидан Давлат кадастрлари палатаси Амударё тумани филиали бошлиғи Шерзод Султанов ҳисобот берди. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 июль кунги ПФ-119-сонли фармони билан Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фуқароларнинг ҳуқуқ белгиловчи ҳужжатларсиз қурилган уй-жойлари жойлашган ер участкасига ижара ҳуқуқини, унда жойлашган бино ва иншоотларга мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисидаги таклифлар қўллаб-қувватланган.
Ушбу фармонга кўра агар фуқаро уй-жойдан 2018 йил 1 майгача бўлган даврдан бошлаб ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз фойдаланган, ушбу ҳолат космик суратларни қайта ишлаш орқали ҳамда сўнгги беш йил учун ер солиғи ва мол-мулк солиғи тўланганлиги билан тасдиқланган бўлса ер участкасига ижара ҳуқуқи ҳамда бино ва иншоотларга мулк ҳуқуқини эътироф этиш учун асос бўлади.
Давлат кадастрлари палатасининг туман филиали томонидан тузилган ишчи гуруҳ томонидан 4795 нафар жисмоний шахслар томонидан қурилган уй-жойларнинг кадастр ҳужжатлари йўқлиги аниқланиб, шундан 3725та уй-жойларга нисбатан ижобий хулосалар берилган. Сессияда мазкур фармон талабларига жавоб берадиган ва солиқ органларидан қарздорлиги бўлмаган, белгиланган бир марталик йиғимни тўлаган фуқароларга тегишли бўлган ер участкаларига ижара ҳуқуқи ҳамда бино ва иншоотларга мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича Кенгаш қарори қабул қилинди.
Сессия кун тартибидаги сўнгги масала юзасидан туман Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Илҳом Палванов ҳисобот берди. Ушбу масала бўйича қабул қилинган Кенгаш қарори билан ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида туманнинг турли ҳудудларидаги умумий майдони 22,3 гектар бўлган экин майдонларини e-auksion электрон савдо платформасига чиқаришга рухсат берилди.
Сессия кун тартибига киритилган барча масалалар атрофлича кўриб чиқилиб, фаол муҳокамалардан кейин барча масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶