Никоҳни қайд этиш тартибини биласизми?
Оила Кодексининг 14- ва 15-моддаларига мувофиқ, никоҳланувчиларнинг ўзаро розиликлари ва уларнинг никоҳ ёшига, яъни эркаклар ва аёллар учун 18 ёшга етганликлари никоҳ тузишнинг асосий шартлари ҳисобланади.
Никоҳ тузишни хоҳловчи шахслар бу тўғрида белгиланган намунадаги ёзма ёки электрон ариза билан мурожаат этган кундан кейин бир ой ўтгач, никоҳ ФҲДЁ органи томонидан қайд этилади.
Никоҳ тузувчиларнинг хоҳишларига кўра, никоҳни тантанали равишда қайд қилиш ёки жойларга чиққан ҳолда қайд қилиш хизматлари кўрсатилади. Никоҳланувчи шахсларнинг истакларига биноан никоҳ уларнинг қариндошлари ва танишлари иштирокида қайд этилади.
Никоҳга кириш ҳақидаги аризани беришда шахсни тасдиқловчи ҳужжатлардан бири, яъни фуқаролик паспорти, хорижга чиқиш паспорти, идентификацияловчи ID карта, ҳарбий хизматчининг туғилганлик ҳақидаги ёки ҳарбий гувоҳномаси кўрсатилиши керак.
Никоҳ тузилганлигини қайд этишда никоҳланувчи шахслар ўз хоҳишларига кўра, иккаласидан бирининг фамилиясини умумий фамилия сифатида танлашлари ёки ўзларининг никоҳгача бўлган фамилияларида қолишлари мумкин.
Никоҳни қайд этганлик учун БҲМнинг 20 фоизи (бугунги кун ҳолатига 75 минг сўм) миқдорида давлат божи ва БҲМнинг 15 фоизи (56 минг 250 сўм) миқдорида герб йиғими ундирилади.
Б.Собиров, туман ФҲДЁ бўлими 1-тоифали инспектори.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶