Амударёлик тарбиячи мамлакат миқёсида "Йилнинг энг фидокор тарбиячиси" сифатида эътироф этилди
Юртимизда таълим соҳасини тубдан ислоҳ этиш, айниқса, мактабгача таълим тизимини замон талаблари асосида такомиллаштириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Чунки боланинг атроф-муҳитни англаши, билим ва кўникмаларни ўзлаштириши айнан шу даврдан бошланади. Шу боис, мактабгача таълим муассасаларида таълим-тарбия жараёни самарадорлигини ошириш, тарбиячиларнинг билим ва маҳоратини юксалтириш, уларни рағбатлантириш долзарб аҳамият касб этади.
Шу мақсадда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ташаббуси билан 2019 йилдан буён анъанавий тарзда “Йилнинг энг яхши тарбиячиси” касбий кўрик-танлов ўтказиб келинмоқда. Танлов орқали педагогларнинг илғор тажрибаси оммалаштирилади, ижодкорлик ва етакчилик қобилиятлари эътироф этилади. Шу билан бирга, бу танлов соҳа вакиллари ўртасида ижодий муҳит яратиш, соғлом рақобатни кучайтириш ҳамда энг фаол тарбиячиларни рағбатлантиришга хизмат қилади.
Жорий йилги танловнинг саралаш босқичлари март–апрель ойларида ташкил этилиб, финал босқичи 24–25 апрель кунлари Тошкент шаҳридаги Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институтида бўлиб ўтди. Республика миқёсида ўтказилган мазкур нуфузли танловда юртимизнинг барча ҳудудларидан етук мутахассислар иштирок этди.
Ушбу танловда Амударё тумани 2-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Мавлуда Камолова “Йилнинг энг фидокор тарбиячиси” номинациясида муносиб иштирок этиб, фахрли 3-ўринни қўлга киритди. Бу ютуқ — унинг узоқ йиллик меҳнати, юксак масъулият билан амалга ошираётган педагогик фаолиятининг амалий самарасидир. Танлов иштирокчилари педагогик маҳорат, болаларга индивидуал ёндашув, методик янгиликлардан самарали фойдаланиш ҳамда ташаббускорлик каби муҳим мезонлар асосида баҳоланди.
Мавлуда Камолованинг республика миқёсидаги ютуғи муносабати билан туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан махсус тадбир ташкил этилди. Унда бўлим бошлиғи Ялғаш Шомуротов, бўлим методисти Ҳулкар Бабажанова, мактабгача таълим ташкилоти директори ҳамда тарбиячилар иштирок этди. Тадбир давомида Мавлуда Камолова ҳамда унинг устози – 2-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти директори Муҳаббат Худайбергеновага бўлим раҳбарияти номидан ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан Мавлуда Камолованинг меҳнатсеварлиги, ташаббускорлиги, доимий изланишда бўлиши, болаларга нисбатан меҳрибон ва эътиборли муносабати эътироф этилди ҳамда келгусидаги муваффақиятларига тилакдошлик билдирилди. Шунингдек, унинг бугунги ютуғи нафақат шахсий муваффақият, балки бутун туман мактабгача таълим тизими учун фахр ва илҳом манбаи экани таъкидланди.
Мавлуда Камолова 2017 йилда Нукус давлат педагогика институтининг бакалавриат босқичини муваффақиятли якунлаб, шу йилнинг ўзида Амударё туманидаги 2-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида психолог сифатида меҳнат фаолиятини бошлаган. 2019 йилдан буён эса мазкур ташкилотда тарбиячи сифатида ишлаб келмоқда. Унинг тарбиявий услуби, болаларга бўлган меҳри, ишга масъулиятли муносабати доим ҳамкасблари ва раҳбарлар томонидан юқори баҳоланади.
Дарҳақиқат, бундай юқори эътироф ва мукофотлар соҳа педагогларини янада руҳлантиради, янги ғоя ва ташаббуслар билан ишлашга ундайди. “Йилнинг энг яхши тарбиячиси” каби танловлар мактабгача таълим тизимида илғор тажрибани оммалаштириш, ижодкорлик муҳитини шакллантириш ҳамда келажак авлод тарбиясида замонавий ёндашувларни татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этади.
Шоҳзод Қурбонбоев.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶