Ўтган ўқув йилида ҳам янги марралар забт этилди
Юрт тараққиёти, аввало, билимли ва маънавий етук авлодни вояга етказишга боғлиқ. Таълим сифати қайси ҳудудда юқори бўлса, ўша жойнинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий ривожи ҳам шунчалик барқарор бўлади. Бугунги кунда мамлакатимиз таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳар бир ҳудудда ўз самарасини бермоқда. Амударё туманида ҳам 2024–2025 ўқув йилида қайд этилган натижалар бунга яққол мисол бўла олади.
Жорий ўқув йилида туманимиздаги умумтаълим мактабларини 3480 нафар ўқувчи-ёшлар тамомламоқдалар. Уларнинг 29 нафари олтин ва 7 нафари кумуш медаллар соҳиб ва соҳибалари бўлишди. 24 май куни туманимиздаги барча умумтаълим мактабларида “Илм – энг буюк шараф!” шиори остида “Сўнгги қўнғироқ” тадбирларини ўтказилди. Тадбирларда намунавий хулқли ва аъло баҳоларга ўқиган иқтидорли ўқувчилар рағбатлантирилиб, уларнинг ота-оналарига “Миннатдорчилик хат”лари топширилди.
Бу ўқув йили ҳам ютуқларга бой бўлди. Жумладан, 40-сонли мактаб жамоаси “Чет тилларини ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловининг II босқичида 2-ўринни эгаллаб, 200 млн сўм пул мукофотига сазовор бўлди. Бу муваффақиятда инглиз тили фани ўқитувчилари Н.Жуманиязов ва С.Каримова катта ҳисса қўшди.
“Қорақалпоғистон устози” танловида ҳам 40-сонли мактабнинг 6 нафар ўқитувчиси республика босқичида 1-ўринни эгаллаб, мактаб нуфузини янада юксалтиришди. Айниқса, математика фани ўқитувчиси Шерзод Аширов ва физика фани ўқитувчиси Сарвар Яхшимов ғолиблик билан бирга Туркия давлатига саёҳат қилиш имкониятини қўлга киритди.
36-сонли мактабнинг физика фани ўқитувчиси Хушнуд Чаршамов физика фани ўқитувчилари ўртасида ўтказилган олимпиаданинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида II ўрин соҳиби бўлди. 30-сонли мактабнинг олий тоифали инглиз тили фани ўқитувчиси Фарида Шамсутдинова 8 баллик С1 даражадаги халқаро сертификатни қўлга киритди. Шунингдек, 40-сонли мактабнинг ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Иқболой Юсупова “Йилнинг энг яхши ўзбек тили фани ўқитувчиси” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида I ўринни, Ўзбекистон Республикаси босқичида эса III ўринни эгаллади.
Жорий йил 2 май куни ўтказилган Қорақалпоқ давлат университети "Ректор кубоги" олимпиадасида 40-сонли мактабнинг 11-синф ўқувчиси Барчиной Худойбергенова физика фанидан II ўринни, 36-сонли мактабнинг 11-синф ўқувчиси Алибек Бобожонов эса кимё фанидан II ўринни қўлга киритиб, Қорақалпоқ давлат университетига муддатидан олдин талабаликка қабул қилинди. Барчиной Худойбергенова МААБ академиясидан 35 млн сўмлик ваучерга ҳам эга бўлди.
Олимпиадалардаги умумий натижага кўра, Амударё тумани 8 та совринли ўрин билан Қорақалпоғистондаги 17 та туман орасида, Тўрткўл, Нукус ва Қўнғирот туманларидан кейин, жамоавий 4-ўринни эгаллади.
Эътиборли ютуқлардан яна бири — Жасурбек Умаровнинг Гарвард университетига тўлиқ грант асосида (360 минг АҚШ доллари) ўқишга қабул қилиниши бўлди. У 9-синфгача туманимиздаги 32-сонли мактабда ўқиган, кейин эса Тошкент шаҳридаги “Sodiq School”да ўқишини давом эттирган.
Шунингдек, 148 нафар ўқувчи инглиз тили фанидан В2 даражадаги миллий ва халқаро сертификатни қўлга киритди. Жумладан, 15-сонли мактабнинг 10-синф ўқувчиси Элеонора Эркабоева, 32-сонли мактабнинг 11-синф ўқувчиси Миржамол Султамуратов, 40-сонли мактабнинг 10-синф ўқувчилари Умидахон Худойбергенова, Озода Нуруллаева, Оғабек Жўраев, 56-сонли мактабнинг 9-синф ўқувчиси Неъматжон Мадраҳимов, 10-синф ўқувчиси Фарида Турсунбоева, 76-сонли мактабнинг 10-синф ўқувчиси Шоҳрух Бахтиёров, 11-синф ўқувчиси Азимжон Бекпоратовлар 6,5 – 7,5 баллик миллий ва халқаро даражадаги С1 сертификатини қўлга киритдилар.
Таълим тизимидаги янгиланишлар ва лойиҳалар ёш авлоднинг салоҳиятини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга. 40-сонли мактабда “Дўстлик мактаблари” лойиҳаси доирасида ўтказилган фестивалда ҳам туманимиз мактабларида яратилган шароитлар, таълим жараёни ва ўқувчилар ютуқлари намойиш этилди. 15-сонли мактабда эса халқаро PISA 2025 баҳолаш тадқиқоти ўтказилиб, туманимизнинг 15 ёшли ўқувчилари ҳам ушбу синовда иштирок этди. Мазкур тадқиқот Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 730 та мактаб орасидан қуръа ташлаш йўли билан танлаб олинган 11 та мактабда ўтказилди.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, 22-, 36- ва 40-сонли мактаблар таълим, ижтимоий фаоллик ва ижодий салоҳиятда пешқадамлар сирасида. Айниқса, 40-сонли мактаб жамоасининг ютуқлари алоҳида эътирофга лойиқ.
Туман мактабларида ўтказилган кўргазма, дебат, танлов ва олимпиадалар таълим жараёнини янада бойитиб, ўқувчиларда ижодий фикрлаш, жамоавийлик, миллий қадриятларга ҳурмат туйғусини шакллантирди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, 2024–2025 ўқув йили Амударё тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими учун мазмунли ва муваффақиятли йил бўлди. Бу ютуқларда фидойи устозлар, билимга чанқоқ ўқувчилар, меҳрибон ота-оналар ва жамоатчиликнинг ҳамжиҳатликдаги саъй-ҳаракатлари мужассам.
Мамлакатимизда яратилаётган таълим муҳити – эртанги баркамол, рақобатбардош ва юрт равнақига муносиб ҳисса қўшувчи авлод учун мустаҳкам пойдевордир.
Ялғаш Шомуродов, туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶