Президент қарори ижроси туман прокуратураси назоратида
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 1 апрелдаги ПҚ-133-сонли Қарори билан “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳамда беҳуда сарфланишининг олдини олиш, иқтисодиёт тармоқларида, давлат идоралари, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда аҳоли хонадонларида энергия тежамкорлиги ва самарадорлигини янада ошириш юзасидан аниқ мақсад ва вазифалар белгилаб берилган эди.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Амударё туман прокуратураси томонидан жойлардаги ҳолат ўрганилиб, бир қатор амалий чора-тадбирлар ташкил этилмоқда.
Жумладан, “Ҳудудгаз Қорақалпоғистон” акциядорлик жамиятига қарашли “Амударё тумангаз” газ таъминоти бўлими билан ҳамкорликда “Чордара” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги диаметри 159 мм бўлган газ қувурида аниқланган табиий газ сизиб чиқиш ҳолати зудлик билан бартараф этилди. Шунингдек, “Ойбек” МФЙ ҳудудидаги диаметри 114 мм бўлган газ қувурида ҳам таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Бундан ташқари, “Ҳудудгаз Қорақалпоғистон” газ таъминоти филиалига тегишли махсус техника билан жиҳозланган мобил лаборатория ёрдамида туман ҳудудидаги 25,6 км узунликдаги ер ости газ қувурлари кўздан кечирилди. Натижада 5 та газ сизиб чиқиш ҳолатлари аниқланиб, бартараф қилиниши таъминланди.
Электр энергияси соҳасида ҳам йўқотишларни камайтириш, энергия тежамкорлигини ошириш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖга қарашли Амударё туман электр таъминоти корхонаси ходимлари томонидан “Ойбек” МФЙ ҳудудида жойлашган 172-сонли трансформатор пунктида жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди. Шунингдек, мазкур ҳудуддаги 6 та эскирган ёғоч таянч устунлари янгиланиб, мустаҳкам бетон устунларга алмаштирилди.
Президент қарори ижроси доирасида қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш борасида ҳам амалий тадбирлар кўрилмоқда. Жумладан, “Jayhun mobile gaz” МЧЖ ва “Манғит метан газ” МЧЖга қарашли автомобилларга газ қуйиш шохобчаларига 50 кВт қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилди. Шунингдек, “Nukus Dilisha” МЧЖга қарашли ун ишлаб чиқариш корхонаси ҳам 50 кВтлик қуёш панеллари жойлаштирилиши орқали қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланишга эришилмоқда.
Қарор ижросини самарали таъминлаш мақсадида туман прокуратураси раҳбарлигида идоралараро ишчи гуруҳи йиғилиши ўтказилди. Унда ишчи гуруҳ раҳбари, туман прокурори Б. Машарипов томонидан ишларни янада жадаллаштириш, энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини олдини олиш, мониторинг ва назорат ишларини кучайтириш юзасидан мутасадди идораларга аниқ кўрсатмалар берилди.
Мазкур ишлар нафақат қарор ижросининг таъминланиши, балки жамиятда экологик маданиятни шакллантириш, ресурслардан оқилона фойдаланишни йўлга қўйиш ва келажак авлод учун соғлом ва барқарор муҳит яратишга хизмат қилади.
Ш. Жолдасов, Амударё туман прокурорининг катта ёрдамчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶