Туманда чиқинди ташувчи техникалар сони яна 3 тага кўпайди
Мамлакатимизда аҳолининг саломатлигига, экологик муҳитга салбий таъсир кўрсатадиган нохуш вазиятлар содир бўлишининг олдини олиш мақсадида иқтисодиёт соҳаларида ва аҳоли пунктларида ҳосил бўладиган маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини такомиллаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Натижада ҳудудларнинг санитария-гигиеник ҳолати тобора яхшиланиб бормоқда.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 сентябрдаги “Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва ушбу қарорга мувофиқ ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”да белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
Унга кўра, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлигининг ҳудудларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишда давлат-хусусий шериклиги модели амалиётга жорий этилди. Ушбу ислоҳотларнинг амалий самараси сифатида давлат шериги – Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда Давлат экология қўмитасининг ҳудудий органи билан хусусий шерик, яъни “GLOBAL POSITION SYSTEM” МЧЖ ўртасида 2023 йил 20 январда битим имзоланган эди.
Ушбу битимга биноан “GLOBAL POSITION SYSTEM” МЧЖ Амударё, Тахтакўпир, Қораўзак туманларининг қаттиқ маиший чиқиндиларини олиб чиқиш бўйича хизматлар кўрсатиш ва 18 миллиард сўмлик инвестиция киритиш мажбуриятини олган. Бугунги кунгача корхона томонидан 7 миллиард 657 миллион сўмлик инвестиция маблағлари киритилди ва мазкур туманлар ҳудудларининг санитария-гигиеник ҳолати яхшиланиб, қаттиқ ва маиший чиқиндилар тўпланиб қолишига барҳам берилмоқда.
Яқинда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги томонидан лизинг асосида мазкур жамиятга умумий қиймати 2 миллиард 607 миллион сўм бўлган 3 та ISUZU русумли махсус чиқинди ташувчи автотранспорт воситалари етказиб берилди. Натижада ҳудудларда яшовчи аҳолининг қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар билан қамраб олиниш даражаси янада кенгайди.
Инвестиция асосида, лизингга харид қилинган махсус техникалар Амударё туманига олиб келинди ва туман ҳокими иштирокида филиалга тантанали равишда топширилди. Бу техникалар қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада ошириш имконини беради. Бундан ташқари, ушбу махсус техникалар олиб келиниши билан туманда яна 9 та янги иш ўрни яратилди.
Мазкур техникаларнинг келтирилиши корхонанинг техника паркини янада бойитиш билан бирга, тумандаги барча овул ва маҳаллалар, саноат ишлаб чиқариш корхоналари, таълим-тарбия муассасаларининг ҳудудларида қаттиқ маиший чиқиндилар тўпланиб қолишининг олдини олиш, атроф-муҳит, экологик вазиятнинг яхшиланиши, аҳоли масканларининг янада обод ва файзли гўшага айланишини таъминлаш йўналишидаги ишларни янада жадаллаштиришга хизмат қилади.
РОБИЯ ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶