Амударё тумани спорт мактаби – ёшлар саломатлиги ва юксак натижалар маскани
Бугунги кунда Амударё тумани спорт мактаби нафақат туман, балки Қорақалпоғистон Республикасида оммавий ва профессионал спортни ривожлантиришда етакчи муассасалардан бири сифатида фаолият юритмоқда. Спорт мактабининг асосий мақсади – ёшларни соғлом турмуш тарзига жалб қилиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, шунингдек, иқтидорли спортчиларни кашф этиб, юксак спорт марраларига етказишдан иборат.
Амударё тумани спорт мактаби ҳудудларда жойлашган 3 та асосий спорт базаси орқали ўз фаолиятини олиб бормоқда. 1-база – асосий база Амударё тумани “Олмазор” маҳалласида жойлашган бўлиб, бу ерда 105х55 метр ўлчамдаги футбол стадиони ва 3000 ўринга мўлжалланган трибуна мавжуд. Бундан ташқари, базада 12х24 метрли спорт зали, 9х18 метрли волейбол майдони, 14х28 метрли баскетбол майдони ҳамда 11х25 метрли ёпиқ сузиш бассейни мавжуд бўлиб, бу иншоотлар турли спорт турлари бўйича машғулотлар ўтказишга хизмат қилмоқда.
2-база Амударё тумани “Дўстлик” маҳалласида жойлашган. Ушбу ҳудудда 100х70 метрли футбол стадиони ва 850 ўринли трибуна мавжуд бўлиб, у асосан футбол спорт турига ихтисослашган. Шунингдек, 7х9 метрли 2 та кураш ва стол тенниси заллари ҳамда 7х9 метрли бадиий гимнастика зали фаолият юритмоқда. Бу ерда дзюдо, кураш, стол тенниси, футбол ва бадиий гимнастика йўналишларида мунтазам машғулотлар олиб борилмоқда.
3-база эса “Чордара” маҳалласида жойлашган бўлиб, бу ерда 12х24 метрли спорт зали (кураш ва бокс учун) ҳамда 9х14 метрли мослаштирилган стол тенниси зали мавжуд.
Бугунги кунда Амударё тумани спорт мактабида жами 28 та спорт тури бўйича машғулотлар олиб борилмоқда. Жумладан, 16 та олимпия спорт турлари: дзюдо, бокс, стол тенниси, таэквондо WТ, бадминтон, оғир атлетика, сузиш, теннис, эркин кураш, енгил атлетика, бадиий гимнастика, волейбол, футбол, баскетбол, регби ва гандбол, 2 та миллий спорт турлари: ўзбек кураши ва ўзбек жанг санъати, 3 та ноолимпия спорт турлари: қўл жанги, шахмат, карате WКФ, 7 та параспорт турлари: пара дзюдо, пара ўқ отиш, пара пауерлифтинг, пара стол тенниси, пара таэквондо, пара бадминтон.
Спорт мактабида 157 та гуруҳда жами 2240 нафар спортчи, шундан 730 нафари қизлар мунтазам шуғулланмоқда. Уларнинг билим ва маҳоратини оширишда 68 нафар спорт мураббийлари фаолият олиб бормоқда. Мураббийларнинг 50 нафари олий маълумотли, 20 нафари олий тоифали мураббийлар бўлиб, бу спорт мактабида юқори малакали кадрлар фаолият юритаётганидан далолат беради.
Сўнгги йилларда Амударё тумани спортчилари республика ва халқаро мусобақаларда салмоқли натижаларга эришиб келмоқда. 2024–2025 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси чемпионатлари ва кубокларида жами 86 та медаль, жумладан 18 та олтин, 26 та кумуш ва 41 та бронза медаллари қўлга киритилди.
Осиё чемпионати ва кубокларида эса 5 та медаль, халқаро турнирларда эса 12 та медаль жамғарилди. Бокс, дзюдо ва таэквондо WТ спорт турларида спортчиларимиз 3 та олтин, 2 та кумуш ва 7 та бронза медалларига сазовор бўлишди.
Алоҳида эътиборга молик жиҳати шундаки, 14 нафар спортчи Ўзбекистон терма жамоалари сафига қабул қилинди, улардан 11 нафари асосий таркиб аъзолари ҳисобланади.
Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида Амударё туманида маҳалла ва сектор босқичларида спорт мусобақалари кенг кўламда ўтказилди. Республика финал босқичи натижаларига кўра, туман ёшларимиз 7 та медални қўлга киритиб, Қорақалпоғистон Республикасида етакчи ўринни эгаллаб келмоқда.
Мазкур лойиҳа доирасида 2025 йилгача 16 та спорт майдончаси қуриб берилди, 2026 йилда эса Бештом ва Чордара маҳаллаларида замонавий workout майдончалари барпо этилиши режалаштирилган.
Амударё тумани спорт мактаби бугунги кунда ёшлар саломатлигини мустаҳкамлаш, иқтидорли спортчиларни кашф этиш ва юртимиз спорти нуфузини ошириш йўлида самарали фаолият олиб бормоқда. Замонавий спорт иншоотлари, тажрибали мураббийлар ва юксак натижалар ушбу спорт масканининг келажакда янада катта ютуқларга эришишига мустаҳкам замин яратмоқда.
Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶