ТУМАН АДЛИЯ БЎЛИМИНИНГ 2025 ЙИЛДАГИ ФАОЛИЯТИ САРҲИСОБИ
Амударё тумани Адлия бўлимининг асосий фаолият йўналишларидан бири – бу қонун бузилиши ҳолатларини аниқлаш ва уларни бартараф этишдан иборатдир. 2025 йил сарҳисобига кўра, бўлим томонидан ўтказилган ўрганишлар ва мониторинглар давомида жами 1219 та қонунбузилиш ҳолати аниқланди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва келгусида шундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида тегишли ташкилотларга 27 та тақдимнома киритилди.
Ушбу тақдимномалар шунчаки қоғоздаги расмиятчилик эмас, балки амалий натижаларга эга ҳужжатлардир. Хусусан, уларнинг ижроси натижасида 1378 нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Шунингдек, қонунчилик талабларини бузган 10 нафар мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. Фуқаролар ва давлат манфаатларини кўзлаб 750 миллион сўм миқдоридаги қарздорлик ундириб берилгани адлия органларининг қатъий позициясидан далолат беради.
Бундан ташқари, суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам сезиларли ишлар қилинди. Фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида судларга 47 та ариза ва даъво аризалари киритилди. Натижада, суд қарорлари билан 47 та субъектнинг ҳуқуқлари тикланиб, уларнинг фойдасига 346 миллион сўм маблағ ундирилишига эришилди.
Давлат хизматлари: тезкорлик, шаффофлик ва қулайлик
Аҳолининг оғирини енгил қилишда Давлат хизматлари маркази фаолияти муҳим аҳамият касб этади. Туман Адлия бўлими ДХМ томонидан 2025 йил давомида жисмоний ва юридик шахсларга жами 85 минг 99 та давлат хизмати кўрсатилди. Эътиборли жиҳати шундаки, рақамли технологияларнинг ривожланиши натижасида мазкур хизматларнинг 37 минг 688 таси онлайн тартибда амалга оширилган.
Тадбиркорлик муҳитини яхшилаш борасидаги ишлар ҳам эътиборга молик. Йил давомида 226 та юридик шахс ва 809 та юридик шахс бўлмаган тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилди.
Аҳоли энг кўп фойдаланган хизматлар таҳлили шуни кўрсатадики, электрон рақамли имзо калитини олиш бўйича 11 минг 558 та мурожаат қаноатлантирилган. Шунингдек, кредит тарихи (8 минг 447), судланмаганлик тўғрисида маълумотнома (4 минг 829), хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш (4 минг 442) каби хизматларга талаб юқори бўлган.
Марказ ходимлари фақат бино ичида эмас, балки олис ҳудудларда ҳам аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Хусусан, чекка қишлоқларда ташкил этилган сайёр қабуллар давомида 5 минг 579 та сайёр давлат хизмати кўрсатилиб, аҳолининг вақти ва маблағи тежалишига эришилди.
ФҲДЁ фаолияти: демографик ўсиш ва оилалар мустаҳкамлиги
Ҳисобот даврида Амударё тумани ФҲДЁ бўлими томонидан туманда 4 минг 347 та туғилганлик ҳолати қайд қилинди. Шундан 11 нафари муддатида қайд қилинмаган болалар бўлиб, ФҲДЁ ходимларининг амалий ёрдами билан уларга ҳужжатлар расмийлаштириб берилди.
Оила – жамиятнинг асосий бўғинидир. Ўтган давр мобайнида туманда 1 минг 550 та янги оила бунёд бўлди. Қувонарлиси, уларнинг 650 тасини ёш оилалар ташкил этади. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида никоҳларнинг 899 таси сайёр тартибда қайд этилганлиги таҳсинга сазовор. Афсуски, 182 та оилавий ажримлар ҳам кузатилган бўлиб, бу борада яраштириш комиссиялари томонидан мунтазам ишлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, ФҲДЁ бўлими томонидан чет давлатларда туғилган болаларнинг ҳужжатларини ягона электрон архив базасига киритиш, никоҳда турмаган ота-оналардан туғилган 147 нафар болага оталикни белгилаш ҳамда ёлғиз оналардан туғилган 51 нафар болага гувоҳномалар бериш каби ижтимоий аҳамиятга эга ишлар амалга оширилди.
Юридик хизмат кўрсатиш маркази: сифат ва назорат уйғунлиги
Давлат ташкилотлари фаолиятининг қонунийлигини таъминлашда Юридик хизмат кўрсатиш марказининг аҳамияти катта. 2025 йил давомида марказ томонидан хизмат кўрсатилувчи ташкилотлардан келиб тушган жами 93 минг 683 та ҳужжат ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди. Уларнинг 92 минг 332 тасига ижобий хулоса берилган бўлса, қонунчиликка зид бўлган 20 та лойиҳага салбий хулоса берилди ва 661 та ҳужжат қайта ишлаш учун қайтарилди. Бу эса ўз навбатида, ноқонуний қарорлар қабул қилинишининг олдини олди.
Марказ ташкилотларнинг мулкий манфаатларини ҳимоя қилишда ҳам фаоллик кўрсатди. Хусусан, қарздорликларни ундириш бўйича киритилган талабномалар натижасида бюджет ташкилотлари фойдасига 476 млн 728 минг сўм маблағ ундирилишига эришилди. Судлар томонидан ташкилотларнинг 65 млн 346 минг сўм қарздорликларини ундириш бўйича даъво аризалари қаноатлантирилди.
Ҳуқуқий тарғибот – давр талаби
Қонунлар ижросини таъминлашнинг энг самарали йўли – аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишдир. Шу мақсадда Адлия бўлими томонидан кенг кўламли тарғибот ишлари олиб борилди.
Хусусан, 2025 йил давомида аҳоли ўртасида ва ташкилотларда 4 минг 683 та тарғибот тадбири ўтказилди. Оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлар ҳам салмоқли: телевидениеда 25 маротаба, радиода 17 маротаба чиқиш қилиниб, газеталарда 19 та мақола ва веб-сайтларда 15 та материал эълон қилинди.
Амударё тумани Адлия бўлими ва унинг тизимидаги ташкилотлар томонидан 2025 йил давомида амалга оширилган ишлар салмоғи нафақат рақамларда ўз аксини топди, балки фуқаролар ва тадбиркорлар ҳаётида қонунийлик, ҳуқуқий ҳимоя ҳамда адолатли муносабатлар мустаҳкамланишида ҳам яққол намоён бўлди. Бу меҳнатлар ортида эса минглаб фуқароларнинг тикланган ҳуқуқлари, тежалган вақти ва қонун устуворлигига бўлган ишончи мужассам.
Мансур Садиков, Амударё тумани адлия бўлими бошлиғи

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶