“Камолот” уйларида ҳовли тўйлари (Репортаж)
Юртимизда байрамлар, байрамона тадбирлар кўп. Ҳар хил саналар билан боғлиқ тантанали маросимларнинг эса саноғига етиш қийин. Ҳалқимиз муқаддас Рамазони шарифни рушду ҳидоят, хайр-у саховат, меҳр-у мурувват тадарруклари ила шукроналик оғушида ўтказаётган қутлуғ кунларнинг бири – 2015 йилнинг 6 июль санаси амударёлик ёшлар учун ҳақиқий байрамга айланди.
Бу тонг Амударёда ўзгача, фарахли отди. Манғит шаҳрининг "Гулзор” маҳалласи аҳли карнай-сурнай садолари остида уйғонишди. Манғит-Қипчоқ гузар йўлининг шарқий қисмида, "Гулзор” маҳалласи ҳудудида қад ростлаган тўрт қаватли мухташам бино атрофи файзга тўлди. Фарзандлари, яқинлари қувончига шерик бўлиш, уларни муборакбод этиш учун бири гилам, бири анвойи гуллар, турли хил лаззатли пишириқлар кўтариб келаётган одамларнинг кети узилмайди.
Бугун нафақат "Гулзор” маҳалласи, балки бутун туманимиз аҳли учун катта байрам. Чунки айни ушбу қутлуғ лаҳзаларда Аму элининг шижоатли, иқтидорли, она Ватан равнақи йўлида фидойилик билан меҳнат қилаётган асл фарзандлари давлат ғамхўрлигидан баҳраманд бўлиб, ўз шахсий уйларига кўчиб ўтишаётир. Тўрт қаватли, 48 та хонадонга мўлжалланган "Камолот” уйининг ҳовлиси байрамона безатилган.
Ҳар бир қаватга чиқиш йўлакларида қўлларига нон-туз тутиб, меҳмонларга пешвоз турган ёш оилалар соҳибаларини суҳбатга тортамиз.
- Аввало, муҳтарам Президентимизга раҳмат, - дейди "Камолот” уйи бекаларидан бирига айланган Дилдора Юсупова. – Қаранг, иссиқ-совуқ сув, табиий газ, электр нури билан тўлиқ таъминланган. Бундай шароитни фақат орзу қилардим.
- Орзуингиз ушалибди-да, муборак бўлсин! – табрикладик.
– Раҳмат, уйимизга кириб, меҳмон бўлинг.
Биз Дилдоранинг уйида меҳмон бўлишни кўнглимизга тугиб, "Камолот” уйининг очилиш маросимида иштирок этишга ошиқдик.
Карнай-сурнай садолари остида шаҳарчага меҳмонлар кириб келишди. Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Б.Эрназаровга сўз берилди.

Ушбу уй мухтарам Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб турмуш шароитларини яратиш, илм-фан ва ижодда, санъат ҳамда спортда янги-янги марралар сари руҳлантириш мақсадида бунёд этилганини таъкидлаб ўтди нотиқ.
- Ёш оилаларга тижорат банклар томонидан уй ҳақини тўлашда беш йиллик имтиёзли давр билан, дастлабки бадални тўламасдан, 20 йил муддатга имтиёзли ипотека кредитларининг ажратилгани туманимиз ёшларининг қувончигақувонч бағишлади, - дейишди сўзга чиққанлар.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Б.Янгибоев, "Камолот” ЁИҲ Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси А.Дониёров, "Юсуф Эшон бобо” жомеъ масжиди имом-хатиби А.Матсапаев, ёш келин-куёвларнинг ота-оналари номидан сўз олган Ж.Явқашевлар ҳам ёш оилаларни янги уйлари билан муборакбод этдилар.
Ёшлар муҳтарам Юртбошимизга, ҳукуматимизга чуқур миннатдорчиликларини изҳор этдилар. Ушбу уй қурилишида йўл-йўриқ ва тавсиялари билан бош-қош бўлган туманимиз ҳокими Р.Йўлдошевга раҳматлар айтдилар.
Шундан сўнг
маросимнинг ҳаяжонли дамлари бошланди. "Камолот” уйлари бунёдкорлари номидан
"Амударё қурилиш материаллари” МЧЖ директори Р.Юсупов олқишлар остида уйнинг
рамзий калитини "Камолот” ЁИҲ туман Кенгаши раиси М.Ўрозбоевга тантанали
равишда топширди.

Шу лаҳзаларда
кўзларида қувонч ва ҳаяжон балқиб турган ёш оила соҳиб ва соҳибалари - кураш
бўйича Ўзбекистон чемпиони Маъруфжон Шомуродов, кураш бўйича "Умид ниҳоллари”
спорт мусобақаларининг 3-ўрин соҳиби Комилжон Абдуллаев, бокс бўйича ёшлар
ўртасида Ўзбекистон чемпиони Обиджон Усмонов, талабалар ўртасидаги фан
олимпиадаси ғолиби, Навоий номли стипендия совриндори Иродахон Яхшимуродова,
Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиали битирувчиси, "Камолот”
стипендияси совриндори Улуғбек Явқашев ва бошқа улар каби ташаббускор ҳамда фидойи ёшларга янги хонадонлар
калитлари топширилди.

Рамзий тасма кесилгач, янги хонадонлар сари ошиқдик. Узоқ-яқиндан келган меҳмонлар ҳар бир хонадонда яратилган шарт-шароитларга ҳавас билан боқишгани шундоқ билиниб турибди.
Комилжон Абдуллаевнинг хонадонида ҳақиқий ҳовли тўйи бошланди. Қувончлари ичига сиғмаган жажжи болакайлар болалар учун мўлжалланган хонада яйраб ўйнашаётир. Комилжоннинг умр йўлдоши Дилдора Юсупованинг эса юзидан табассум аримайди. Бири-биридан шинам, файзли хоналарни тўлдириб ўтирган қавм-қариндошлар, ошна, ёр-дўстлар тилакларидан янада обод бўлган янги уйда тўйлар бўлишини тилаб, Улуғбек Явқашевнинг оиласи кўчиб ўтган иккинчи қаватга кўтариламиз. Уч хонали уйнинг кенг ва ўзбек оилалари яшаши учун қулайлигига ҳавасимиз келди.
-Биз учун манзур бўлган томони, - қувониб-қувониб сўзлайди Улуғбекнинг рафиқаси Юлдуз Хидирова, иморат қурамиз, деб маблағ йиғиб, қурилиш ашёларини излаб, ойлаб усталарнинг ош-овқати, деб ташвиш чекиб юрмайдиган бўлдик.
- Келиним тўғри айтди,- дейди Жумабой ака Явқашев. – Ўғлим олийгоҳни тугатяпти, энди ккаласи ҳам ишлашади. – Иморат қураман, деб югуриб-елиб юришга вақтлари ҳам бўлмайди. Мана бундай шароитларга эга уй турганда ортиқча ташвиш чекишга хожат ҳам йўқ-да!
Дарвоқе, муҳтарам Юртбошимизнинг 2014 йил 6 февралдаги "Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрдаги "Мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида туманимиздаги обрў-эътиборли ёш оилалар учун бунёд этилган "Камолот” уйи ёшларимиз учун яратилаётган кенг кўламли имкониятларнинг амалий ифодаси бўлди.
Ушбу эзгу ишни амалга ошириш учун ўтган йилнинг баҳорида Манғит шаҳрининг "Гулзор” маҳалласи ҳудудидан 3 гектар ер ажратилиб, 48 хонадонга мўлжалланган тўрт қаватли "Камолот” уйи қурилиши бошлаб юборилган эди. Ўтган қисқа вақт ичида бу ҳудудда 6,5 млрд. сўмлик қурилиш-пардозлаш ишлари амалга оширилди. "Амударё қурилиш материаллари” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари бунёд этган мазкур иншоот ҳудудида болалар майдончаси, катталар учун дам олиш ўринлари, боғ ва гулзорлар учун ҳам махсус ер ажратилиб, иморат атрофида гул ва арча ниҳоллари барқ уриб ўсиб ётибди.
Айтиб ўтиш керак, "Камолот” уйининг сифатли ва муддатидан олдин қурилиб, фойдаланишга топширилишида туманимиздаги қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар, пудрат ташкилотлари ҳамда туман ободонлаштириш бошқармаси ишчи-хизматчиларининг ҳам кўрсатган ёрдамлари катта бўлди.
Қаранг, азизлар, бундан атиги салкам бир йил олдин яйдоқ дала бўлган ҳудуд бугун "Камолот” уйлари чироқларидан чароғон, элим, юртим деб яшагувчи, интилувчан, иқтидорли ёшлар ҳамда уларнинг жажжи фарзандлари кулгуларидан обод ва фаровон гўшага айланди. Бугун 20 та хонадонда ҳовли тўйлари бошланди. Эртага уларнинг сафига яна ва яна бахтиёр оилалар келиб қўшилишади. Яқин бир ой ичида, мамлакатимиз мустақиллигининг 24 йиллиги байрамигача "Камолот” уйида яшовчи жами оилалар сони 48 тага етади. Энг сўнгги пардозлаш ишлари ҳам якунига етказилиб, ўз эгаларига муштоқ уйларда бошланаётган ҳовли тўйлари Истиқлол шодиёналарига уланиб кетади.

Робия ЙЎЛДОШЕВА, Алламберган ЖУМАНИЁЗОВ, газетанинг махсус мухбирлари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶