Май ойи — “Дала четларини тозалаш ойлиги”: Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг расмий мурожаати
Юртимизда баҳор фасли — табиат уйғониб, атроф-муҳит яшилликка бурканадиган, меҳнат ва барака фаслидир. Айни шу кунларда далаларда иш қизғин тус олган. Бободеҳқонлар, тажрибали фермерлар ва фидойи юртдошларимиз юртимиз дастурхони тўкинлиги, хонадонларимиз фаровонлиги ҳамда мамлакатимиз тараққиёти йўлида сидқидилдан меҳнат қилмоқда.
Бироқ сўнгги вақтларда кўнгилни хира қиладиган айрим ҳолатлар ҳам кузатилмоқда. Жумладан, катта йўллар ёқасидаги далалар четларида, шунингдек, маҳаллалар ичидаги экин майдонлари атрофида турли пластик чиқиндилар, озиқ-овқат қадоқлари, қоғозлар ҳамда яроқсиз ҳолга келган томчилатиб суғориш шланглари ташлаб кетилаётгани ачинарли ҳолдир.
Бу каби ҳолатлар нафақат атроф-муҳитга, балки етиштирилаётган маҳсулот сифатига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Зеро, озодалик бор жойда барака бўлади, етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифатли ва рақобатбардош бўлиши эса бевосита экин майдонлари ва далалар озодалигига боғлиқдир.
Шу муносабат билан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги жорий йилнинг май ойини “Дала четларини тозалаш ойлиги” деб эълон қилади.
Ҳурматли агрокластерлар раҳбарлари, фермерлар, деҳқонлар ва барча юртдошлар!
Сизларни ушбу ташаббусда фаол иштирок этишга, далалар, йўл ёқалари ва яшаш ҳудудларимизни турли чиқиндилардан тозалашга чақирамиз. Атроф-муҳитни асраш — ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир.
Келинг, биргаликда юртимизни янада обод, табиатимизни мусаффо ва далаларимизни намунавий ҳолатга келтирайлик!

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶