Амударё туманида 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносиб нишонланди
Амударё туманида 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан “Бурч, жасорат, матонат!” шиори остида кенг кўламли маънавий-маърифий байрам тадбири бўлиб ўтди. Ушбу сана халқимизнинг жасорат, фидойилик ва инсон қадри каби юксак фазилатларга бўлган чексиз ҳурматининг яна бир ёрқин ифодасига айланди.
Туман марказидаги Хотира майдонида ташкил этилган тадбирда туман ҳокими Собир Хўжаметов, мудофаа ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, нуронийлар, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Хотира майдонида ҳукм сурган тантанавор ва айни пайтда ҳаяжонли муҳит барчага бугунги тинч ва осойишта ҳаётнинг нақадар улуғ неъмат эканини яна бир бор ҳис қилдирди.
Тадбир аввалида “Бурч, жасорат, матонат!” шиори остида ўтказилган веломарафон ҳамда югуриш мусобақалари ғолиблари тантанали равишда тақдирланди. Мазкур спорт тадбирлари ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларни спортга кенг жалб этиш, зарарли иллатлар ва гиёҳвандликнинг олдини олиш, энг муҳими, ёш авлод қалбида Ватанга садоқат ва матонат туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Сўзга чиққанлар спорт мусобақалари нафақат жисмоний чиниқиш, балки ватанпарварлик, жасорат ва ирода мактаби эканини алоҳида таъкидладилар. Зеро, соғлом ва маънавий етук авлод — юрт таянчи, миллат келажагининг ишончли кафолатидир.
Байрам тадбирини туман ҳокими Собир Хўжаметов табрик сўзи билан очиб берди. Туман ҳокими ўз нутқида бугунги дориламон ва осуда ҳаётимиз замирида аждодларимизнинг мардлиги, фидойилиги ҳамда Ватан учун жонини аямаган инсонларнинг буюк жасорати мужассам эканини таъкидлади.
— Хотира ва қадрлаш куни — бу фақат тарихни эслаш эмас, балки аждодларимизнинг мардлик мактабидан сабоқ олиш, уларнинг пок руҳлари олдида бош эгиш ва бугунги тинчликнинг қадрига етиш кунидир. Юрт тинчлигини асраш, халқ фаровонлиги йўлида хизмат қилиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир, — деди туман ҳокими.
Тадбир давомида сўзга чиққан нуронийлар, фахрийлар ва жамоатчилик вакиллари ҳам Хотира ва қадрлаш куни халқимиз учун энг улуғ, энг қадрли саналардан бири эканини қайд этдилар. Улар бугунги фаровон ҳаёт, осойишта кунлар ва мустақил юртимиз тараққиёти ортида аждодларимизнинг машаққатли синовлари, сабр-тоқати ҳамда буюк матонати мужассам эканини алоҳида таъкидлашди.
Туман Маданият бўлими ижодкорлари томонидан ижро этилган Ватан, тинчлик ва жасоратни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар, саҳна кўринишлари тадбирга янада кўтаринки руҳ бағишлади. Ҳарбий оркестрнинг тантанавор садолари остида Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилиб, тадбир иштирокчилари Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ватан озодлиги, халқ тинчлиги ва бугунги осуда ҳаёт учун жон фидо қилган юртдошларимиз хотирасига юксак ҳурмат бажо келтирдилар.
Шунингдек, Афғонистон ҳудудида хизмат бурчини адо этиш вақтида ҳалок бўлган юртдошларимиз хотирасига бағишлаб бунёд этилган ёдгорлик ҳам зиёрат қилинди. Уларнинг мардлиги, жасорати ва Ватан олдидаги фидокорона хизматлари чуқур эҳтиром билан ёд этилди.
Тадбир давомида ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга ҳурмат, аждодлар хотирасига садоқат руҳида тарбиялаш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бири экани алоҳида қайд этилди. Чунки ўз тарихини, қаҳрамонларини ва миллий қадриятларини қадрлаган халқнинг келажаги ҳам буюк бўлади.
Дарҳақиқат, Хотира ва қадрлаш куни — бу фақат ўтганларни ёд этиш эмас. Бу сана инсон қадрини улуғлаш, бугунги тинч ҳаётнинг қадрига етиш, юрт равнақи ва халқ фаровонлиги йўлида бирдамликни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи улуғ айёмдир.
Хотира — миллат қалбидаги абадий нур, қадрлаш эса халқимизга хос энг эзгу фазилатдир. Аждодлар жасорати ҳеч қачон унутилмайди, уларнинг порлоқ хотираси қалбларда мангу яшайди.
Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶