Турар жойларни маиший газ баллонлари билан таъминлашнинг янги тартиби тасдиқланди
Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига суюлтирилган углеводород газини етказиб беришнинг самарали тизимини яратиш, ҳуқуқий асосларини аниқлаш ва ушбу соҳада ягона ташкилий-техник талабларни белгилаш каби ислоҳотлар соҳани янада такомиллаштирмоқда.
Суюлтирилган газни истеъмолчиларга маиший газ баллонларида етказиб бериш хизматларини такомиллаштириш, аҳолига қўшимча қулайлик яратиш, масофадан туриб электрон хизматлардан мустақил фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 17.04.2026 йилдаги “Турар жой хонадонларини маиший газ баллонлари билан таъминлашда давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги 180-сонли Қарори қабул қилинди.
Мазкур Қарор билан Турар жой хонадонларини маиший газ баллонлари билан таъминлашда давлат хизматини кўрсатишнинг Маъмурий регламенти тасдиқланди.
Маъмурий регламент турар жой хонадонларини маиший газ баллонлари билан таъминлашда давлат хизматини кўрсатиш тартиби, маиший газ баллонларини етказиб бериш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъекти томонидан амалга ошириладиган тадбирлар, мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ва рад этиш асослари, «E-gaz» дастури орқали маълумотларни қабул қилиш, маълумотлар базасини юритиш талабларини ўз ичига олади.
Фуқаролар томонидан турар жой хонадонларини маиший газ баллонлари билан таъминлаш юзасидан Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат қилади ёки давлат хизматидан электрон шаклда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали фойдаланади.
Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишнинг ҳар қандай босқичида ундан фойдаланишдан бош тортиш ҳуқуқига эга. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортганда, унинг сўровномаси кўрилмасдан қолдирилади.
Ариза берувчининг сўровномаси автоматик тарзда бир иш соати давомида ваколатли операторга юборилади.
Ҳужжатлардаги маълумотларнинг тўғрилиги ва ҳаққонийлиги учун ариза берувчи фуқаролар шахсан жавобгар ҳисобланади.
Ваколатли оператор ариза келиб тушган куни маълумотларни реал вақт режимида «E-gaz» дастурида шакллантиради;
бир иш кунида сўровномада кўрсатилган маълумотларни текширади;
уч иш кунида ариза берувчини маиший газ баллони билан таъминлаш масаласи юзасидан жойига чиқиб ўрганади. Бунда ўрганиш якунлари бўйича далолатнома расмийлаштирилади ва газлаштириш эскизи ишлаб чиқилади. Далолатномада ариза берувчига маиший газ баллони берилиши ёки бериш рад этилиши сабаблари кўрсатилади;
далолатномада келтирилган хулоса ижобий бўлган тақдирда, ариза берувчи билан «Маиший газ баллонини вақтинча фойдаланишга бериш тўғрисида» ва «Суюлтирилган углеводород газини етказиб бериш тўғрисида»ги шартномаларни икки нусхада расмийлаштиради;
расмийлаштирилган шартномалар асосида ариза берувчини «Face ID» тизими орқали суюлтирилган углеводород газини етказиб бериш учун тегишли ҳисобварақ билан таъминлайди ҳамда унга бир дона маиший газ баллонини ўн иш кунида бепул етказиб беради;
ўрганиш натижаларига кўра расмийлаштирилган шартномаларни ариза берувчининг шахсий кабинетига ўн иш кунида электрон шаклда юборади;
далолатномада келтирилган хулосага кўра хизмат кўрсатиш рад этилган тақдирда, ариза берувчига уч иш кунида электрон шаклда жавоб юборади.
Давлат хизматини кўрсатишни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:
маиший газ баллонини олиш учун ариза берувчи томонидан сўровнома маълумотлари тўлиқ тўлдирилмасдан тақдим этилганда;
ариза берувчи томонидан берилган сўровномадаги маълумотлар тасдиғини топмаганда;
ариза берувчининг хонадонига маиший газ баллони берилиб, у томонидан қўшимча маиший газ баллони сўралганда;
маиший газ баллонидан фойдаланиш учун газ плитаси мавжуд бўлмаганда ёки ошхона техник талабларга мос бўлмаганда.
Битта турар жой хонадонида икки ва ундан ортиқ оила яшайдиган ҳолларда, агар хонадонда техник талабларга мос бўлган алоҳида-алоҳида (ёки умумий) газ плитаси ҳамда ошхона мавжуд бўлганда, битта кадастр рақамига эга бўлган ҳолатда ҳам, истисно тариқасида, ҳар бир оилага алоҳида биттадан маиший газ баллон ажратилишига жойида ўтказиладиган ўрганиш далолатномасини расмийлаштириш орқали рухсат берилади.
Маиший газ баллонидан фойдаланувчи тўғрисидаги маълумотлар ўзгарганда, ариза берувчи ушбу маълумотларни ваколатли операторга ариза бериш орқали (аризада маиший газ баллонига эгалик кимга ўтаётганлигини кўрсатган ҳолда) бир ой муддатда маълум қилади (кадастр ҳужжатлари ўзгарганда, зарур ўзгартиришлар автоматик тарзда амалга оширилади). Ваколатли оператор томонидан маълумотлар доимий янгиланиб, «E-gaz» дастурига киритиб борилади.
Бунда «E-gaz» дастурига киритилган янгиланган маълумотларнинг ҳаққонийлиги ва тўғрилигига мазкур маълумотларни киритган ваколатли оператор жавобгар ҳисобланади.
Маиший газ баллони қуйидаги ҳолларда алмаштирилади (янгилаб берилади):
маиший газ баллони эскирганда ёки яроқсиз ҳолга келганда (ундан фойдаланиш имкони бўлмай қолганда);
маиший газ баллони йўқотилганда.
Бунда йўқотилган маиший газ баллони учун етказиб берувчи ташкилот томонидан охирги кирим қилинган ҳисоб варақасидаги нархи бўйича ариза берувчидан тўлов ундирилади.
Умида Сапарбаева, Амударё тумани Адлия бўлими Давлат хизматлари маркази бўлим бошлиғи

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶