Амударёда ўтказилган сайёр қабулда 17 та мурожаат кўриб чиқилди
Қонун устуворлиги фақат ҳужжатларда эмас, балки ҳар бир фуқаронинг кундалик ҳаётида ўз аксини топгандагина ҳақиқий маъно касб этади. Шу боис сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат органларининг халққа яқинлашиши, аҳоли муаммоларини идора эшиги ортида эмас, бевосита жойларда ўрганиш тизими изчил жорий этилиб, прокуратура органлари ҳам бу жараёнда фаол иштирок этмоқда.
Сайёр қабуллар айнан шу мақсадни рўёбга чиқаришнинг самарали воситасидир. Улар фуқароларга узоқ масофани босиб ўтмасдан, ўз яшаш ҳудудида масъул раҳбар билан юзма-юз учрашиш, дардини айтиш ва қонуний ечим олиш имконини берса, мутасаддилар учун жойлардаги муаммоларнинг асл илдизини аниқлашда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Ана шундай навбатдаги сайёр қабул Амударё туманида ҳам бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси прокурори ўринбосари Тўлқин Нурметов аҳоли ҳамда юридик шахслар вакиллари билан бевосита мулоқот қилиб, уларнинг мурожаатларини бирма-бир тинглади ва ҳар бир масаланинг моҳияти билан яқиндан танишди.
Мулоқот давомида жами 17 та мурожаат кўриб чиқилди. Уларнинг 4 таси шу ернинг ўзида ҳал этилган бўлса, 5 таси бўйича мурожаатчиларга батафсил ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Қолган 8 та мурожаат эса қўшимча ўрганишни талаб этгани сабабли назоратга олинди. Айтиш жоизки, назоратга олинган мурожаатларнинг ҳар бири бўйича якуний қарор қонунчиликда белгиланган тартибда қабул қилинади.
Қабул давомида ҳар бир мурожаатни қонунчилик талаблари асосида ҳал этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини тўлиқ таъминлаш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди. Шу ўринда айтиш керакки, бундай ёндашув мурожаатларнинг қоғозда қолиб кетмаслиги, балки амалий натижа билан якунланишини таъминлашга қаратилган бўлиб, фуқароларнинг ҳуқуқ-тартибот идораларига бўлган ишончини мустаҳкамлашга ҳам ёрдам беради.
Аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш ва мурожаатларга амалий ечим топишга қаратилган ишлар бир марталик тадбир билан чекланмайди. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилмоқда, зеро ҳар бир ҳал этилган мурожаат ортида адолатга ишонч ҳосил қилган инсон ва унинг оиласи туради.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶