ТЎРТ ОЁҚЛИ ДЎСТИНГИЗ “АЖАЛ ҚУРОЛИ”ГА АЙЛАНМАСИН!
Ит одамга энг яқин бўлган уй ҳайвонларидан бири бўлиб, содиқлик борасида тенги йўқдир. Шу боисдан ҳам одамлар итдан қўриқчи, қутқарувчи, излаб топувчи каби кўпгина мақсадларда фойдаланишади.
Бунда, албатта итни тўғри парваришлаш, турли юқумли касалликларга қарши эмлатиш муҳим ўрин тутади. Акс ҳолда кўпгина ташвиш ва муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.
Қутуриш - ҳайвонларга хос касаллик ҳисобланиб, унинг қўзғатувчиси вирусдир. Табиатдаги ёввойи ҳайвонлар - тулки, бўри, шоқоллар орасида учраб туради ва тишлаш оқибатида уй ҳайвонларига юқади. Қутурган ҳайвон тишлаганда, сўлаги жароҳатланган терига тушганида юқиши мумкин. Сўлак билан терининг ичига кирган вирус асаб толалари орқали марказий асаб тизими ҳужайраларига етиб боради ва асаб тўқимасини жароҳатлайди. Натижада қутуриш касаллиги юзага чиқади. Ит тишлаган жароҳат бош мияга қанчалик яқин бўлса, касалликнинг яширин даври ҳам шунчалик яқин бўлади.
Бу бедаво дардга йўлиқмаслик учун бирон ёввойи ҳайвон ёки ит тишлаганда албатта, тиббиёт муассасасига мурожаат этиш, қутуриш касаллигига қарши эмлатиш зарур.
Касалликнинг олдини олиш чоралари ҳам ўзимизга боғлиқ. Яъни, ҳар бир одам ит, мушукларни сақлашдан олдин уларни парваришлаш учун имконияти бор-йўқлигини инобатга олиши (қорни тўймаган ҳайвон емиш ғамида дайдиб кетади), вақтида турли юқумли касалликларга қарши эмлатиши лозим. Чунки, остонангиздаги ит бирор бир кишини тишласа, бундан жабрланган одам ҳам моддий, ҳам маънавий зарар кўришини, энг даҳшатлиси, оқибати ўлим бўлган қутуриш касаллигининг юқиш хавфи туғилишини англаб етмоқ керак.
Касалликнинг олдини олиш учун хизматдаги ва хонадонлардаги итларни ўз вақтида касал-ликка қарши эмлатиб туриш, болаларнинг дайди итлар билан ўйнашига йўл қўймаслик, хонадонларда сақланаётган итларни кўчага қаровсиз қўйиб юбормаслик лозим. Итларни кўчага бўйинбоғ ва тумшуқ-тасмада олиб чиқиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Ит ёки бошқа ҳайвон тишлаганда жароҳат дарҳол хўжалик совуни билан ювилиб, атрофига йоднинг спиртли эритмасини суртиш ва дарҳол тиббиёт муассасасига мурожаат этиш лозим.
Ҳар бир одам ўз хонадонида боқилаётган ва содиқ дўстим, деб ҳисоблайдиган ити ўзининг ёки бошқаларнинг ажалига сабабчи бўлиши мумкинлигини чуқур англаб етиб, бунинг олдини олиши зарур.
А.ЯВБАСАРОВ,
туман ДСЭНМ эпидемиолог шифокори.
(Фото - http://www.uzssgzt.uz)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶