“СОҒЛОМ ОНА ВА БОЛА ЙИЛИ” ТУМАН ҲУДУДИЙ ДАСТУРИ ИЖРОСИ РАҚАМЛАРДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 9 февралдаги "Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури тўғрисида”ги ПҚ-2487-сонли Қарори асосида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг қарори қабул қилиниб, ушбу қарорга мувофиқ туман ҳудудий дастури ишлаб чиқилди. Қуйида мазкур қарор ижроси доирасида туманимизда 2016 йилда амалга оширилган ишларни сарҳисоб қиламиз.
ТИББИЁТ
Дастур доирасида тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ва кадрлар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларининг иш самарадорлигини ошириш, патронаж тиббиёт ҳамшираларининг сонини кўпайтиришни таъминлаш, акушер-гинекологлар ва болалар шифокорлари малакасини ошириш масаласига алоҳида эътибор берилди.
Аёлларда учрайдиган кўкрак бези ўсма касалликларининг олдини олиш мақсадида туманда истиқомат қилувчи 1174 нафар фертил ёшидаги аёллар тиббий кўрикдан ўтказилди, улардан 14 нафари Республика онкология диспансерида маммография текшируви ва маммолог кўригига юборилган, 57 нафарида мастопатия касаллиги аниқланган.
Йил давомида туманда 3180 нафар никоҳга кирувчи шахслар ихтиёрий равишда тиббий кўрикдан ўтказилди. Тиббий кўрикдан ўтиш даврида никоҳга кирувчи бир нафар шахсда сил касаллиги, 8 кишида руҳий касаллик, 42 кишида соматик касалликлар ва бир нафар шахсда сурункали ичкиликбозлик дарди борлиги аниқланди.
Барвақт никоҳларнинг олдини олиш, яқин қариндошларнинг никоҳга киришларининг оқибатларини тушунтириш бўйича манзилли ишлар олиб борилди. Никоҳга кирувчи шахслар иштирокида 1300 та суҳбатлар ўтказилиб, уларда 170 та буклетлар тарқатилди.
Соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғини биринчи даражасида 2446 нафар ҳомиладор аёллар барвақт перинатал ультратовуш скринингидан ўтказилди. Акушер-гинекологлар ва педиатрлар малакасини мунтазам равишда ошириб боришга алоҳида эътибор берилмоқда. Йил давомида 3 нафар акушер-гинеколог ва педиатрларнинг малакаси оширилди.
Аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, санитария ва гигиена, ҳомиладор аёлларнинг соғлиғини сақлаш ва психофизиологик аҳволини яхшилаш, ёш оналар ва болаларни тегишли тарзда парвариш қилиш соҳасидаги ишларни кучайтириш, уларнинг овқатланиш рациони сифати ва калорияси яхшиланишини таъминлаш юзасидан ҳам бир қанча ишлар амалга оширилди. Жумладан туманда аҳоли 31 млн. 700 минг сўмлик бойитилган ун ва йодланган туз билан таъминланди.
Йил давомида 2862 нафар ҳомиладор аёллар ҳисобга олинган бўлиб, улардан 2446 нафари таркибида фолий кислотаси мавжуд бўлган умумий соғломлаштирувчи поливитаминларнинг махсус тўпламлари билан таъминланди.
Туманда 6 ойликдан 5 ёшгача бўлган жами 17402 нафар болаларни А витамини саплементацияси билан таъминлаш амалга оширилди.
Бошланғич синф ўқувчилари ўртасида "Тўғри овқатланиш дарслари” таълимий дастури яратилиб, тумандаги бир қатор мактабларда ўқувчилар иштирокида тажриба синов тарзида жорий этилди.
Ўрта махсус касб ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари орасида "Хавфсизлик йўналиши” дастури бўйича ОИВ ва ОИТСнинг, наркоманиянинг, жинсий йўл билан юқувчи инфекцияларнинг олдини олиш, репродуктив саломатлик мавзусида семинарлар ўтказилди.
Туманнинг олис ва чекка қишлоқ жойларида яшаётган жами 1408 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилди, шундан 474 нафари туғиш ёшидаги аёллардир.
ТАЪЛИМ
Соғлом болани вояга етказишда таълим тизимининг ролини кучайтириш, мактабгача таълим муассасалари тармоғини янада ривожлантириш, бошланғич таълимнинг юқори сифатини таъминлаб, илғор педагогика ва ахборот-коммуникация технологияларини амалиётга кенг жорий этган ҳолда болаларни мактабга тайёрлаш даражасини тубдан ошириш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш тадбирлари амалга оширилмоқда.
2016-2018 йиллар мобайнида умумтаълим мактабларининг кутубхона фондини лотин графикаси асосида яратилган ўзбек ва чет эл ёзувчиларининг бадиий асарлари, энциклопедиялар ва ўрганиш китоблари билан тўлдириш бўйича тегишли иложлар кўрилмоқда.
Амалдаги умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида фанлар олимпиадалари (билимлар беллашуви) ўтказиш тизимини пухта таҳлил қилиш асосида уларни ўтказишнинг қатъиян янги тартибини ишлаб чиқиш, бунда натижаларни баҳолаш мезонларига алоҳида эътибор бериш белгиланди.
Мактабгача таълим муассасалари қошида ташкил этилган "Зумрадойлар давраси” тўгаракларида, таълим муассасалари ва маҳаллаларда ташкил этилган "Ораста қизлар” тўгаракларида машғулотлар ўтказиш бўйича ишлаб чиқилган методик қўлланмалар тарқатилди.
СПОРТ
Ёшлар орасида жисмоний тарбия ва спортни кенг оммалаштириш, ёшларни, айниқса қишлоқ жойларда қизларни спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш, янги спорт объектларини қуриш, ишлаб турганларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий спорт ускуналари ва анжомлари билан жиҳозлаш, юқори малакали тренер кадрлар ва мураббийлар билан таъминлаш ишларига алоҳида эътибор берилди.
2004-2014 йилларда фойдаланишга топширилган болалар спорт мактаблари ва объектлари бирлаштирилиб, уни қўшимча равишда жиҳозлашга, замонавий спорт анжомлари ва ускуналари билан таъминлашга эришилди.
Ҳар бир овул ва маҳаллаларда болаларни, айниқса қиз болаларни спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этишни давом эттириш учун қулай шарт-шароитлар яратилди. Спорт билан мунтазам шуғулланувчи қизлар "Президент совғаси” сифатида спорт кийим-боши комплектлари билан бепул таъминланди.
Уй бекалари ва қизлар ўртасида "Гимнастика барча учун” спорт мусобақаларининг туман босқичи ўтказилди. Қизлар ўртасида "Жисмоний баркамоллик – гўзаллик рамзидир” шиори остида бадиий гимнастика бўйича ва "Баҳор маликалари” шиори остида енгил атлетика бўйича туман мусобақалари ўтказилди.
Умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида "Қувноқ стартлар” спорт мусобақалари ташкил этилиб, мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.
БАНДЛИК
Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга жалб этиш мақсадида тумандаги барча касб-ҳунар коллежлари ўқувчи ёшлари ўртасида учрашувлар ўтказилиб, уларда барча тегишли корхона, ташкилотлардан ходимлар иштирок этишди. Ушбу мавзуда ёшларга кўмаклашиш мақсадида 2016 йил 29 март куни туман ҳокимлигида "Ҳоким ва ёшлар” учрашуви ўтказилди.
Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш самарадорлигини ошириш мақсадида академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари битирувчи ўқувчилари билан касб танлаш мавзусида учрашувлар ўтказилиб, уларни ишга жойлаштириш мақсадида барча тегишли чоралар кўрилди.
Касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш мақсадида уларнинг бизнес-лойиҳалари асосида имтиёзли кредитлар ажратишнинг иложлари кўрилмоқда, 130 дан ортиқ битирувчилар ҳужжатларини банкларга тақдим қилишган ва 56 тасига кредит ажратилган.
Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчиларида тадбиркорлик фаолияти кўникмаларини шакллантириш мақсадида улар орасида муомалани ва билимларни айирбошлашни ташкил этиш учун Амударё хизмат кўрсатиш ва сервис касб-ҳунар коллежи базасида "Бизнес-клуб” ташкил этилди.
Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларининг ўз бизнесини ташкил этишига кўмаклашишга йўналтирилган "Менинг бизнес ғоям” ва "Ёш тадбиркор – мамлакат таянчи” танловларининг туман босқичи ўтказилди.
Ёш оилаларга, тадбиркор аёлларга, шу жумладан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун коллежларнинг битирувчиларига кредитлар ажратиш давом этмоқда. Оилавий бизнес ва ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам тегишли иложлар олиб борилмоқда.
ИЖТИМОИЙ ИНФРАТУЗИЛМА
Олис ва чекка қишлоқларда яшаётган аҳоли, айниқса аёллар учун зарур ижтимоий, маиший ва тиббий нуқтаи назардан зарур шароитлар яратиш, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосидаги замонавий уй-жойлар, ижтимоий инфратузилма объектларини барпо этиш, қишлоқ аҳолисини тоза ичимлик суви, табиий газ билан таъминлаш, хизматлар кўрсатиш ва сервис даражасини юксалтириш мақсадида бир қанча ишлар амалга оширилди.
Жумладан туманнинг олис қишлоқ жойларида банкларнинг имтиёзли кредит маблағларини ажратиш ҳамда ер майдонлари тақдим этиш орқали "Гўзаллик салони”, модалар ательеси, электромаиший техникалар ва пойабзал таъмирлашни ўз ичига қамраб олган 1 та намунавий маиший хизмат комплексини ташкил этиш бўйича тегишли иложлар кўрилди.
Туманнинг чекка қишлоқ жойларида яшовчи кам таъминланган оилаларнинг 14 нафар аёлига 12,8 млн. сўмлик электр-маиший техника товарлари бепул берилди.
ҚУРИЛИШ
Туманда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича 3 та массивда 90 та уй-жойлар курилиши якунланиш арафасида. Бу намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уй-жойларни 3,2 км. электр тармоқлари қуриш орқали электр энергияси билан, 1,8 км. табиий газ таъминоти тармоқларини қуриш орқали табиий газ билан таъминлаш режалаштирилган.
Амударё агробезнес касб-ҳунар коллежини мукаммал таъмирлаш, ўқувчилар ишлаб чиқариш устахонасини жиҳозлаш учун зарур ишлаб чиқариш асбоб-ускуналари ва бошқа асбоб-анжомлар харид қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Бу ишларга жами 824,8 млн. сўм ажратилди.
Туманимизда "Соғлом она ва бола йили” давлат дастури ижросини таъминлаш учун 41 млрд. 759 млн. 300 минг сўм ва 233 минг АҚШ долларидан ошиқроқ маблағ сарфланди.
Маъмуржон ТЕМИРБОЕВ,
туман ҳокимининг иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш, хизмат кўрсатиш соҳаси ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари.
(Фото - http://uza.uz)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶