Маҳалла ҳаёти: ЯНГИ ТИЗИМ АФЗАЛЛИКЛАРИ КЎП
Жорий йилнинг апрелидан бошлаб бутун мамлакатимизда бўлгани каби туманимиздаги мавжуд маҳалла ва овул фуқаролар йиғинлари фаолиятига маҳаллаларда аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш ҳамда аҳоли томонидан билдирилган таклифларни амалга ошириш бўйича тизимли иш ташкил этишнинг янгича услуби жорий этилган эди.
Бизнинг маҳалламизда ҳам янги тизим талабига кўра фуқароларга хизмат кўрсатувчи ташкилотлар вакиллари ва фаоллардан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, фаолиятини бошлаб юборди. Ҳар ой якунида фуқаролардан тушган шикоятлар, таклифларнинг ҳал этилиши юзасидан туман ишчи гуруҳига ҳисоботлар тақдим этиб борилаяпти. Шунингдек туман ишчи гуруҳига ҳавола этилаяпти.
Маҳалламизда янги тизимни жорий этиш бўйича тузилган ишчи гуруҳ маҳаллани ўрганиши давомида аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш, аҳоли томонидан билдирилган таклифларни амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқиб, шу асосда ўз фаолиятини олиб бораяпти ва муаммоларни ўз вақтида ҳал этишга ҳаракат қилаяпти. Масалан, ишчи гуруҳ аъзолари ўрганиш давомида ишга яроқли ишсиз фуқароларни аниқлади ва қорамол ёки парранда боқиш истагида бўлганларнинг рўйхатини тузиб, кредит олишига кўмаклашиш мақсадида "Агробанк” туман бўлими мутахассислари билан учрашувини ташкил этди. Учрашувдаги жонли мулоқот кўп нарсаларга ойдинлик киритди, шу асосда бир нечта оила қорамол ва парранда боқиш ҳаракатини бошлаб юборди.
Маҳалламизнинг Исломобод кўчаси, рақамсиз уйида истиқомат қилувчи А.Ражабов кўп йиллардан бери касалманд, бева, ўғли ҳали коллеж ўқувчиси. Шуларни инобатга олиб, А.Ражабовнинг даволанишини давом эттиришига кўмаклашилди, томорқасига ишлов беришга ёрдам берилди.
Одатда уйимиздан остона ҳатлаб кўчага чиқсак, қўшнимизга дуч келамиз. Қувончимизга ҳам, ташвишимизга ҳам шерик бўладиган энг аввало қўшнимиздир. Шундай экан, қўни-қўшниларимизнинг, маҳалламизнинг тинч-хотиржамлиги бизнинг ҳам тинч-хотиржамлигимиздир. Шу маънода маҳаллалардаги осойишта ҳаётни таъминлашга қаратилган, ўрганиш давомида аниқланган шикоятлар, муаммо ва камчиликларни бартараф қилиш юзасидан тизимли иш ташкил этиш бўйича жорий этилган янги услубнинг аҳамияти жуда улкандир. Ахир бекорга отанг маҳалла, онанг маҳалла дейишмайди-да.
Г.ЎРОЗБОЕВА,
"Олмазор” маҳалла фуқаролар йиғини диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶