Йўлда ҳуқуқбузарликка гувоҳ бўлдингизми? Видеорегистратор орқали қайд қилиб, ИИВга юборинг ва мукофот пули олинг!
Кўчаларда транспорт воситаларининг кўплиги, баъзан йўловчиларнинг, баъзан транспорт воситалари бошқарувчиларнинг салгина бепарволиги, баъзан эса техник носоз транспорт воситалари билан ҳаракатланиш йўл транспорт ҳодисалари содир бўлиши каби кўнгилсиз ҳолатларга олиб келади.
Ҳа, йўлларда жамики транспорт воситалари бошқарувчиларининг, йўловчиларнинг ҳаракати бир-бирига боғлиқки, бу жараёндаги хатоликлар, яъни, йўлларда ҳаракатланиш қоидаларига амал қилмаслик оқибатида неча-неча бегуноҳ одамлар ҳаётдан бевақт кўз юмаяпти, олган жароҳатлари туфайли ногирон бўлиб қолаяпти.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда ҳар йили миллионлаб киши йўл-транспорт ҳодисаси туфайли вафот этаркан, 20 миллиондан зиёд киши жароҳат олади. Булар асосан аҳолининг фаол қисми, яъни 20-35 ёшлар атрофидагилардир.
Шунингдек, бизнинг юртимизда ҳам бу борада аҳвол мақтангулик эмас. Тўғри, йўл транспорт ҳодисалари 2016 йилга нисбатан 2017 йилда анча камайган. Жорий йилда эса йўлларда ҳаракатланиш қоидаларини бузганларга кескин чоралар кўрилаётгани, жазо чоралари кучайтирилгани ва йўллар махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали назорат этилиб, ҳуқуқбузарларга чора кўрилаётгани ўзининг самараларини бераяпти. Бироқ бу билан йўлларда ҳаракатланиш қоидаларига ҳамма ҳам амал қилаяпти, дея олмаймиз. Афсуски, кўнгилларни ларзага соладиган, бегуноҳ кишиларнинг умрига зомин бўлаётган автоҳалокатлар ҳамон содир бўлиб турибди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 сентябрда қабул қилган “Йўл ҳаракати соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг турмушимизга татбиқ этилиши бу борадаги ҳуқуқбузарликларга қарши кескин курашиш имконини беради.
Қарорга мувофиқ 2019 йил 1 июлдан бошлаб, ҳар бир жамоат транспорти ва йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар учун автотранспорт воситаларига видеорегистраторлар ўрнатиш бўйича мажбурий тартиб жорий этилади. Жисмоний ва юридик шахсларнинг автотранспорт воситаларига ўрнатилган видеорегистраторлар орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлар акс этган видеоёзувлар эса махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган видеоёзувларга тенглаштирилади ва ИИВга тақдим этилса, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
Шуниси эътиборлики, мазкур қарорга мувофиқ қабул қилинган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг автотранспортига ўрнатилган видеорегистраторлар орқали қайд этилган видеоёзувларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ҳамда уларни тақдим этган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан, йўл ҳаракати қоидалари бузилиши акс этган видеоёзувларни тақдим этган шахслар ҳуқуқбузарлардан ундирилган жарима ҳисобидан энг кам ойлик иш ҳақининг беш фоизи миқдорида пул мукофоти билан рағбатлантирилади ва видеоёзувларни тақдим этган шахслар тўғрисидаги маълумотлар ошкор этилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарори йўлларда йўл ҳаракати қоидалари бузилиши ва унинг оқибатида содир бўлаётган кўнгилсиз ҳодисаларнинг камайишига хизмат қилади, албатта.
Дилшод АМИНОВ, туман ИИБ йўл ҳаракати
хавфсизлиги бўлими бошлиғи, лейтенант.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶