БОЛАНИНГ БЕГОНАСИ БЎЛМАЙДИ
Бизнинг халқимиз азалдан болажон халқ. Фарзандининг соғлом ва бахтли ўсиб-улғайиши, ҳеч кимдан кам бўлмай вояга етиши учун борини, ҳаттоки жонини ҳам аямайди. Қон-қонимизга сингиб кетган бу хислат миллий қонунчилигимизда ҳам ўз ифодасини топган. Хусусан, ота-онаси қарамоғидан, уларнинг меҳр ва эътиборидан маҳрум бўлган болалар ҳуқуқлари ҳам давлатимиз ҳимоясига олинган. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексига биноан ота-она вафот этганда, улар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилганда, уларнинг ота-оналик ҳуқуқи чекланганда ва қонунда белгиланган бошқа ҳолларда васийлик ёки ҳомийлик белгиланади.
«Ўзбекистон Республикасида васийлик ва ҳомийлик тўғрисида Низом»га асосан 18 ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан васийлик ва ҳомийлик вазифаларини амалга ошириш халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимларига юкланган. Туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимидаги васийлик ва ҳомийлик органи томонидан юқоридаги Низом асосида ўтган 2013 йилда қатор ишлар амалга оширилди.
Жумладан, 5 кишидан иборат ушбу васийлик ва ҳомийлик органи ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни аниқлаб, уларга васий ва ҳомий тайинлаш, улар устидан кузатиш, назорат ўрнатиш, ота-онасиз қолган болаларни моддий томондан қўллаб-қувватлаш, мактабларда тўгаракларга жалб қилиш ва таълим бериш самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратиш каби вазифалар белгиланиб, бу борада амалий ишлар қилинмоқда.
Айтиш керакки, васийлик ва ҳомийлик органида 2013 йил давомида ота-оналари йўқ, қаровсиз қолган болалар қайд қилинмади. Васийлик ва ҳомийлик органига келиб тушган ариза, хат ва ҳужжатлар ўз вақтида кўриб чиқилиб, хулосалар ва тавсияномалар бериб борилди.
2013 йил давомида васийлик ва ҳомийлик органи томонидан 12 нафар бола васийликка (шундан 6 нафари қизлар), 3 нафар бола ҳомийликка (шундан 2 нафари қизлар) олинди.
«Оила кодекси»га кўра, фарзандликка олиш болани фарзандликка олишни истаган шахсларнинг (шахснинг) аризасига кўра, васийлик ва ҳомийлик органларининг фарзандликка олишнинг асослилиги ва фарзандликка олинаётган бола манфаатларига тўғри келиши ҳақидаги хулосаси ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан амалга оширилади. Шундан келиб чиққан ҳолда болаларни фарзандликка олиш ва оилага тарбияга бериш билан боғлиқ ишлар ҳам амалдаги қонунчилик асосида кўриб чиқилмоқда. 2013 йил давомида 11 нафар бола фарзандликка олиниб (шундан 1 нафари қиз), оила тарбиясига (патронатга) бола олиш ҳолати қайд қилинмади.
Васийлик ва ҳомийлик органи аъзолари томонидан овул ва маҳаллалар оқсоқоллари ҳамда маслаҳатчилари билан биргаликда фарзандликка, васийлик ёки ҳомийликка олинган болаларнинг кейинги ҳаёти ўрганилиб борилмоқда. Умумтаълим мактабларида таълим олаётган, маълум сабабларга кўра туғилганлиги тўғрисида гувоҳнома олинмаган болаларга туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олишларида амалий ёрдамлар кўрсатилиб, байрамлар муносабати билан ота-онаси қарамоғидан, уларнинг меҳр ва эътиборидан маҳрум бўлган болаларга совғалар бериш йўлга қўйилган.
Жумладан, 2013 йил давомида 1 нафар болага туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олишда ёрдам берилиб, янги йил муносабати билан ота-онаси йўқ 3 ёшдан 15 ёшгача бўлган етим болалар ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалардан 62 нафарига Президент совғаси тантанали равишда топширилди. Байрам муносабати билан умумтаълим мактабларида таълим олаётган ярим етим ва кам таъминланган ўқувчиларнинг 600 нафарига ҳомий ташкилотлар ва мактаб маъмуриятлари томонидан совғалар берилди.
Хулоса ўрнида айтиш керак-ки, халқимизнинг азалий қадриятларидан саналган ота-она меҳридан бебаҳра болаларнинг бошини силаш, уларнинг ҳолидан хабар олиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, жамиятда ўзларининг муносиб ўринларини топишларига шароит яратиш масаласи мустақиллик йилларида янги босқичга кўтарилди. Яқиндагина "Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши ҳам уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим ҳужжат бўлди.
Мазкур Қонуннинг "Соғлом бола йили” дея эълон қилинган жорий йилнинг дастлабки кунларида қабул қилинишида ҳам маъно бор. Зеро, мамлакатимизда ёшлар тарбияси, уларнинг таълим олиши, спорт билан шуғулланишлари, касб-ҳунар ўрганишлари, шу билан бир қаторда, уларнинг бандлигини таъминлаш орқали жамиятда ўзларининг муносиб ўринларини топишларига берилаётган эътибор жамиятимизда туғилиб вояга етаётган ҳар бир болага тегишли.Ахир, боланинг бегонаси бўлмайди, дейди доно халқимиз.
Гуля МУХАНОВА,
Туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимининг болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича мутахассиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶