ҲУҚУҚНИ МУҲОФАЗА ҚИЛУВЧИ ОРГАНЛАР МУВОФИҚЛАШТИРУВЧИ КЕНГАШИ ЙИҒИЛИШИ БЎЛИБ ЎТДИ
Мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлатни барпо этиш, тинчлик-барқарорликни мустаҳкамлаш, халқ фаровонлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, бу борада қилинаётган ишлар самараси таҳлил қилиниб, келгусидаги мақсадлар аниқ белгилаб олинмоқда.
Яқинда туман ҳокимлиги мажлислар залида Амударё тумани ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мувофиқлаштирувчи кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш 2019 йилда туманда қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлардаги йўл қўйилган камчиликлар ва келгусида қилиниши лозим бўлган чора-тадбирларни белгилаб олиш мақсадида ўтказилди.
Мувофиқлаштирувчи кенгаш йиғилишини туман прокурори, адлия маслаҳатчиси Жавлон Муфтуллаев очди ҳамда олиб борди.
Йиғилишда туман ҳокимлиги ва тумандаги ҳуқуқни муҳофаза қиливчи органлар ходимлари, муассаса, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раислари иштирок этди.
Йиғилишда сўзга чиққанлар таъкидлаганларидек, жиноятчиликка қарши курашиш барча даврларда ҳам давлатнинг жиддий ва муҳим масаласи ҳисобланиб келинган. Инсон тинч ва хотиржам яшашни ҳоҳлайди. Тинчлик бўлган жойда барака ва ривожланиш бўлади.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ҳуқуқбузарликларнинг маълум қисми ишсиз фуқаролар томонидан содир этилмоқда. Бундай шахслар томонидан ҳуқуқбузарлик содир этилишини олдини олишда аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади.
Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари шу йўналишдаги вазифаларни амалга ошириш учун дастуриламал вазифасини бажармоқда. Ушбу қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш юзасидан туманимизда ҳам самарали ишлар қилинмоқда.
Хусусан, туман прокуратураси томонидан ўтган давр мобайнида барча жабҳаларда олиб борилган назорат тадбирлари натижаларига кўра, 259 та прокурор назорати ҳужжати қўлланилиб, уларнинг муҳокамасига кўра 293 нафар шахс интизомий, 110 нафар шахс маъмурий ва 1 нафари жиноий жавобгарликка тортилди. Шунингдек, тергов ва назорат тадбирларида давлат ва жамият манфаатларига етказилган жами 54 млн. 634 минг сўмлик зарар ихтиёрий ундирилиб, 128 млн. сўмлик зарарни ундириш бўйича судларга даъво аризалар киритилиб, 144 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланиши таъминланди.
Йиғилишда жорий йилда юқоридаги каби хато ва камчиликларга барҳам бериш юзасидан қилиниши лозим бўлган вазифалар аниқ белгилаб олинди.
Чарос АРСЛОНОВА,
Туман ҳокимлигининг ахборот хизмати раҳбари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶