МУЛЬТФИЛЬМЛАР БОЛАЖОНЛАРГА ФОЙДАЛИМИ ЁКИ ЗАРАР?..
Аслида мультфильмлар болаларнинг тасаввур доирасини бойитишга хизмат қилиши керак. Ҳозирги мультфильмларда тасаввурни бойитиш эртакларга қизиқтириш мақсади билангина чекланиб қолмоқда. Кузатувлар шуни кўрсатадики, ғарб мультфильмларидан агрессивлик жуда бўрттириб ифодаланилади.
Ўйлаб кўринг, бир персонаж иккинчисини ўлдиради. Бутун бир асар шу асосга қурилади. Жанг санъатини ўргатувчи мультфильмлар ундан мустасно, уларда ҳарқалай ҳаётий фалсафа - ички хотиржамликка эришиш, ёмонлик устидан ғалаба қозониш каби тушунчаларга урғу берилади. Лекин ўлдириш, қириб ташлаш, ғирромлик булар болага нима беради. Кулдирадими? Эзгуликка чорлайдими? Хулоса қилиб айтганда, фарзанд тарбиясида улар томоша қилаётган мультфильмларнинг ўрни ниҳоятда катта. Шу боис ушбу масалага жиддий эътибор қаратиш ҳар бир ота-онанинг асосий вазифаси бўлиши керак.
Бу эса ота-онанинг фарзанд олдидаги, эл-юрт олдидаги бурчини тўла англашини, инсоннинг дунёга келиши ва камол топиши ривожланишига оид қонуниятларни пухта билишини, оилавий муносабатлар доирасидаги миллий урф одатлар ва анъаналаримизнинг энг нодирларини турмушга сингдириш орқали болаларда миллий қадриятларга меҳр-муҳаббат уйғотиш уларни мустақил фикрлайдиган кишилар қилиб тарбиялашни тақозо этади.
Мультфильмни яхши кўрмайдиган бола бўлмаса керак. Уларнинг сеҳрли оламига шўнғиб кетиб, гоҳида кичик қаҳрамонларга тақлид қилишаётган болаларни учратамиз. Бундан баъзан кўнглимиз тўлса, баъзан жиддий ташвишга тушиб қоламиз. Чунки хорижий айрим мультфильмлар халқимизнинг менталитетига, асрлар давомида шаклланган қадриятларимизга мутлақо зид эканлигини кўриб ҳушёр тортамиз. Миллий мультфильмларнинг сон ва сифат жиҳати эса болалар талаби даражасида эмаслиги янада ташвиш туғдирмоқда.
Болаларда ёшликдан халқ ва юрт тақдири учун фидойилик туйғусини шакллантириш аҳамиятга эга. Албатта, мультфильм эртак ўрнини боса олмайди, эртаклар илдизлари жуда қадимий бўлиб, улар умрбоқий асарлардир. Мультипликация эса анча кейин пайдо бўлган. Мультфильмлар эртакни том маънода тўлдиришга хизмат қилиши керак.
Сарвиноз КАРИМОВА,
31-сонли мактаб амалиётчи психологи.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶