МЕҲРУ МУҲАББАТГА ОШНО ОИЛА
МЕҲРУ
МУҲАББАТГА ОШНО ОИЛА
Муҳаббат!
Инсоннинг қалб ардоғига айланган бу илоҳий туйғудан ҳамиша куч, қудрат олиб
яшаймиз. Ана шу қудрат, назаримизда инсонларни турли бало-қазолардан, ёмонликлардан,
кулфатлардан омон олиб чиқади. Ким учундир Муҳаббат икки соҳир қалбнинг ҳаёти
тимсолидир. Яна кимгадир она-Ватанга ёр эзгу туйғулар рамзидир. Нима бўлганда
ҳам қалбидан ана шу илоҳий туйғуга жой бериб, уни эъзозлаган инсон ҳаётда ўз
ўрнини топиб, юксак аҳлоқий фазилатли шахс сифатида шаклланиши табиий.
-
Мен айтсам, жуда баландпарвоз, китобий гапдай тую-лиши мумкин, - вазмин сўзлайди бизнинг бугунги қаҳрамонимиз Саъдулла Ўрозбоев. -Тўғриси, бизнинг оиламиз ҳақиқий,
чин маънодаги муҳаббатнинг меваси. Муҳаббат деганда бир-бировга тикилиб, дил
изҳорларини эшитиб ўтиришни тушунмаслик керак. Бизнинг оилада Муҳаббат - энг
аввало туғишганлик меҳри, бир-бировнинг қадрига етиб яшаш, ишонч, сабр ва
қаноат ҳамда бардош каби ҳислатларнинг уйғунлиги сифатида қадрли. Агар (Аллоҳ
раҳматига олган бўлсин) ҳаётдан анча эрта кетган ота-онамиз биз фарзандларини
ана шундай эзгу туйғулар руҳида тарбиялашмаганларида билмадим, беш нафар
етимчаларнинг бугунги ҳаёти қандай ҳолатда бўларди!..
Саъдулла
отаси Қозоқбой ака вафот этганида эндигина 14 ёшга тўлган ўспирин эди. Уни ҳаёт
жуда эрта улғайтирди. Бири-биридан кичик, тарбияга муҳтож укаларига бош бўлиб,
оиланинг кам-кўсти, оғир-енгилига елка тутди. Жамоа хўжалигида калхозчи бўлиб
ишловчи онасининг ёнига кириб, далага ишга чиқди: ариқ тозалаб, ғўза яганалади,
чопиқ қилди, то кеч кузгача катталар билан бир сафда пахта терди. Онасидан
томорқада ҳар хил полиз ва сабзавот экинлари ўстириб, парваришлашни ўрганди.
Мактабни тугатгач, онасининг қистови билан Тошҳовуз шаҳридаги молия ва иқтисод
техникумида ўқиб, иқтисодчи мутахассислигига эга бўлди. «Оролқишлоқсувқурилиш»
идорасида 10 йил иқтисодчи вазифасида хизмат қилиб, ўзига яраша ҳурмат, эътибор
топди.
Укалари
улғайган сари Саъдулланинг ташвишлари ҳам улғайиб борди. Онаси билан бамаслаҳат
ўз оилаларига тегишли бўлган
Саъдулла
отаси ўрнида элчи бўлиб, ўзга хонадон эшигини очди: аввал укаси Нуруллани,
кейин Музаффарни уйлантиришди. Сингилларини турмушга беришди.
-
Ҳар гал уйимизда тўй бўлганида ўзимни учиб-учиб толиққан қушдай сезардим, -
яхши кунларни эслаб дейди Саъдулла. - Одамлар қувончдан ўйнаб-кулишса, мен
чекка-чеккага чиқиб қувончимдан йиғладим. Кўз ёшимни укаларим кўрмасин, деб
шундай қилардим. Билмадим, кўнглим кемтик бўлиб ўсганим учунми, ҳозир ҳам
қаттиқ севинсам, кўзимга ёш қуйилиб келаверади.
Қувонч
ёшлари... Саъдулла бундай қувончли кунларга етгунича озмунча меҳнат, машаққат
чекдими!! Рўзғорнинг оғир юкидан елкалари яғир бўлган Саъдулла укаларини катта
ҳаётга тайёрлаш, ўқитиш, уйли-жойли қилиш учун ўзини ўтга, чўққа урди. Бир оёғи
ишда бўлса, бир оёғи бозорда, кўнгли эса уйда бўлди. Бахтига оилаларига келиб
қўшилган келинлар - умр йўлдоши Ақлжон ҳам, келинлари Дилфузахон билан
Ҳамидахонлар ҳам бири-биридан ақлли, уйим, жойим дейдиганлардан бўлиб чиқди.
Учала келин худди опа-сингиллардай, бир-бирларига меҳрибон, пазанда, чевар.
Учаласи ҳам ўқитувчи. Катта хонадонга оиланинг каттаси - Саъдулла билан Ақлжон бош-қош. Келинлар эса худди
келишиб олишгандай Саъдуллани қайнота ўрнида «ота» дея сийлашади.
Халқимизда:
«бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар» деган ғоят ибратли ҳикмат бор. Қозоқбой ота
ўғил-қизларининг камолини кўролмай ҳаётдан эрта кетган, болалар ота тарбиясини
кўришмаган бўлишса-да, ақлли ва доно аёл (худо раҳмат қилсин) Хатира момо ва
оиланинг катта ўғли Саъдулла Ўрозбоевнинг етим гўдакларга кўрсатган меҳр ва
оқибати боис, бугун бу оила Амир Темур номли овулдаги энг ибратли,
саранжом-саришта, обод хонадонлардан бирига айланди.
-
Афсуски, бугунги камолимизни онажоним кўрмадилар, - дейди Саъдулла.- Барибир
шукур қиламан. Оиламизда ҳеч ким бир-бирига овозини кўтариб гапирмайди. Сеники,
меники деган паст тушунчанинг ўзи йўқ, укаларимнинг фарзандлари худди ўзимники
каби қадрли, бир-бирига меҳрибон.
Азизлар, Саъдулла асло мақтанаётгани йўқ.
Аслида у мақташга арзигулик катта оиланинг доно сардори, мақтанишга арзигулик
ишларнинг уддасидан чиқа олган тадбирли, мулоҳазали ота. Таҳсинга лойиқ,
тарбияли, интизомли инсон, укаларига бош бўлиб, ёш бошидан оталик масъулиятини
зиммасига олган фидойи, меҳр-оқибатли, қалби муҳаббатга лиммо-лим тўла ибратли Ака!
Айрим
ота-оналари ҳаёт туғишганлар қила олмаган ишларни ўзининг кенгфеъллилиги,
очиққўл ва очиқ кўнгиллиги билан уддалаб келаётган Саъдулла Ўрозбоевнинг
хонадонида ҳамма ўз ишини билиб қилади. Оила иқтисодини кўтариш борасида барча
бирдай қайғуради. Укалари ҳам, келинлари ҳам ойлик маошларини оила сардори -
Саъдуллага келтириб беришсалар, бир жомадан пул бўлади!
-
Яқинда оилавий даромадимиз хисобига Нурулла укамга алоҳида иморат қуриб, оиласини
бўлакладик. - Мамнунлигини яширмайди Саъдулла. - Энди Музаффар укамга янги
иморат қуриш ниятидамиз. Энг муҳими, аҳиллигимизга кўз тегмасин!
Баъзан
қайнона-қайнотаси, овсинлари билан чиқишолмай ажрашишгача борган ёки оиладаги
етар-етмасликдан нолиб юрадиган ёш келинларни кўрсак Саъдулла Ўрозбоевнинг ўз туғишганларига бўлган гўзал
ва самимий муносабати ҳақида ўйлаймиз. Яна,
Саъдулланинг: «Муҳаббат деганда бир-бирига тикилиб, дил изҳори қилиб ўтиришни
тушунмаслик керак. Муҳаббат - энг авволо туғишганлик меҳри» - деган фикрлари
ҳақида ўйлаймиз. Ва қайноғани қайнота ўрнида
кўриб, ўқитувчилик касбларидан ортиб, томорқа хўжалигида, «Ўрозбоев
Алламберган» фермер хўжалиги ҳисобидаги ижара ерида худди опа-сингиллардай,
ҳамжиҳат ишлашга, оила чорвасига, паррандасига қараб, ўз ризқларини ўз қўллари
билан яратишга интилиб, аҳилликда яшаётган Ақлжон, Дилфуза ва Ҳамида
келинларининг ақл-у фаросатига тан берамиз. Бу оиладаги ўзига хос тарбиявий муҳитга, интизом ва
саришталикка, аҳиллика ҳавас қилдим. Дилимиздан эса оила сардори - Саъдулланинг:
-
Муҳаббат - энг аввало туғишганлик меҳри! - деган фикрлари кечди.
Ҳа
азизлар, туғишганлар ўртасида меҳр-муҳаббат бўлса, хонадон
обод, оила баркамол, эл-юрт, Ватан осойишта. Бор бўлсин меҳр-муҳаббат!
Робия ЙЎЛДОШЕВА,
Алламберган ЖУМАНИЁЗОВ,
"Amu news” нинг махсус мухбирлари.
Суратда: Саъдулла Ўрозбоев
умр йўлдоши Ақлжон, укалари, келинлари ва фарзандлари билан.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶