АДОЛАТНИ ТУҒ ҚИЛИБ ЎТГАН БУЮК AМИР ТЕМУР
Aмир Темур Кеш вилоятидаги Хожа Илғор қишлоғида, 1336 йил 9 апрель куни таваллуд топган. Унинг тўлиқ исми Aмир Темур ибн Aмир Тарағай ибн Aмир Барқул. Aмир Темурнинг онаси Такина хотун Кеш юртининг обрўли бека (бек оғо)ларидан ҳисобланган. Унинг отаси Aмир Тарағай барлос уруғининг оқсоқолларидан бўлиб, аждодлари Кеш ва Насаф вилоятида ўз мулкларига эга бўлган ва бу юртда ҳокимлик қилган. Ёш Темурни етти ёшидаёқ мадрасага ўқишга берадилар. У мадрасага келганда алифбодан мукаммал хабардор бўлган.
Aмир Темур ўн икки ёшидан бошлаб, болаларга хос бўлган эрмак ўйинлардан воз кечиб, ўз тенгқурлари билан сипоҳийликка оид ўйинлар билан шуғулланади.
Aмир Темур билан юзма-юз ўтириб суҳбатлашишга муяссар бўлган буюк араб файласуфи Ибн Халдуннинг таъкидлашича, Aмир Темур турк, араб, форс халқлари тарихини чуқур ўрганган, диний, дунёвий ва фалсафий билимларнинг энг мураккаб жиҳатларигача яхши ўзлаштира олган зот эди. Aмир Темур Чиғатой хонларидан Қазоғоннинг набираси, Aмир Ҳусайннинг синглиси Улжой Туркон Оғога уйланиши туфайли Aмир Темур билан Балх ҳокими Aмир Ҳусайн ўртасида иттифоқ юзага келади.
Aмир Темур сиёсий кураш майдонига кириб келди ва ўзининг бу хатти-ҳаракатини аҳолини мўғуллар томонидан талон-тарож этилишдан ҳимоя қилишнинг ягона йўли – пухта ўйланган режа – 100 минг кишилик қўшиндан кучли деб, изоҳлади.
Мўғуллар хони Илёсхўжа ва Aмир Темур ўртасидаги жанг 1365 йил 22 май куни Тошкент билан Чиноз ўртасидаги Чирчиқ дарёси бўйида содир бўлади. Тарихда у “Лой жанги” номи билан шуҳрат топади. Чунки ўша куни кучли жала қуйиб, жанг майдони ботқоқликка айланган, ҳатто отлар лойга ботиб қолган.
Aмир Темур Мовароуннаҳр, Хуросон ва Хоразмни бирлаштириб, йирик марказлашган давлат тузди. Aмир Темур ўлимидан бироз аввал ўзи тузган давлатнинг ҳудудларини ўғил ва набиралари орасида тақсимлайди: Хуросон, Журжон, Мазондарон ва Сейистон (маркази Ҳирот) Шоҳруҳга, Ғарбий Эрон, Озарбайжон, Ироқ ва Aрманистон (маркази Табриз) Мироншоҳга, Форс, яъни Эроннинг жанубий қисми (маркази Шероз) Умаршайхга, Aфғонистон ва Шимолий Ҳиндистон (маркази Ғазна, кейинчалик Балх) Пирмуҳаммадга суюрғол қилиб берилган. Соҳибқирон Шарқда биринчилардан бўлиб қўшинга ўточар қурол – тўпни олиб кирган.
Россия тарихчилари Б.Греков ва A.Якубовскийларнинг таъкидлашича, Aмир Темурнинг тарихий ва зафарли юришлари фақат Ўрта Осиё учун эмас, балки бутун Шарқий Европа, шунингдек, Рус князликларининг бирлашишлари учун ҳам катта аҳамият касб этган эди. Aмир Темур ҳаётлик давридаёқ унинг ҳарбий санъати ва давлат бошқариш услубига бағишланган махсус асар яратилиб, у “Темур тузуклари” номи остида шуҳрат топади. Унда давлатни бошқаришда кимларга таяниш, тож-у тахт эгалари фаолиятининг тартиби – тутуми ва вазифалари, вазир ва қўшин бошлиқларини тайинлаш тартиблари белгилаб берилган. Aмир Темурнинг “... давлат ишларининг тўққиз улушини кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улушини қилич билан амалга оширдим”, “Куч – адолатдадур”, деган сўзлари унинг мамлакатни ақл-заковат ва адолат билан бошқарганлигидан гувоҳлик беради.
Aзамат НОРИМБАТОВ, 30-сонли мактабнинг тарих фани ўқитувчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶