“СОҒЛОМ ҲАЁТ САРИ 5000 ҚАДАМ”
Мамлакатимизда аҳоли саломатлини муҳофаза қилиш йўналишида тизимли олиб борилаётганлиги туфайли фуқароларнинг соғломлик даражаси ва умр кўриш давомийлиги тобора ошиб бормоқда. Бу билан бир қаторда юрак-қон томир ва нафас олиш йўллари касалликлари га чалиниш ҳам кун сайин яшариб бормоқда.
Муҳтарам Президентимизнинг “Соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиш ҳамда соғлом турмуш тарзи бўйича ҳаётий кўникмаларни шакллантириш орқали ҳар бир фуқарода касалликларга қарши кучли иммун тизими пайдо бўлишини таъминлаш, зарарли одатлардан воз кечиш, тўғри овқатланиш тамойилларига амал қилиш, тиклаш ва реабилитация ишлари ҳамда оммавий жисмоний фаоллик тадбирларини тизимли ва самарали ташкил қилиш вазифаси топширилган эди.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби туманимизда ҳам Фармонда белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш борасида кўпгина чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан аҳоли орасида соғлом турмуш тарзи кенг тарғиб этилиб, аҳолини соғлом яшаш гарови ҳисобланмиш спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш, бунинг учун зарур шароитлар яратиш ишлари амалга оширилмоқда. Таълим, мактабгача таълим муассасалари, корхона-ташкилотлар ходимлари, ёшлар ўртасида турли спорт тадбирлари, мусобақалар ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу йилнинг 4 декабрида “Соғлом ҳаёт сари 5000 қадам” шиори остида ўтказилган оммавий юриш тадбири ҳам шу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
“Соғлом ҳаёт сари 5000 қадам” оммавий юриш тадбири Манғит шаҳрининг Гурлан кўчаси бўйлаб ўтказилди ва унда аҳолининг барча қатламларидан иштирокчилар қамраб олинди.
Туман ҳокимлиги ва туманимиздаги барча корхона, ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган спорт тадбири барча иштирокчиларга хушнудлик ва завқ бағишлади. Тадбир сўнгида иштирокчилар оммавий бадантарбия машқларини бажаришди. Пиёда юриш машқларини иштирокчилар ҳеч қийналмай адо этишлари аҳоли орасида спорт билан шуғулланиш тобора оммавийлашаётганини кўрсатади. Шунингдек, фуқароларнинг спорт билан шуғулланишларига яратилаётган шароитлар, замонавий спорт майдончаларининг барпо этилаётгани бунда муҳим аҳамият касб этади.
Инсоннинг бахтли ва осуда турмуш кечириши кўп жиҳатдан унинг соғломлик даражасига боғлик. Шу боисдан ҳам мамлакатимизда аҳолининг соғлом ва тетик яшаши, зарарли одатлардан холи, соғлом ҳаёт кечиришига эришиш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани бежиз эмас.
Яёв йўл юриш кўпгина хасталикларнинг олдини олади. Хусусан, қон босими меъёрлашиши, мия фаолияти яхшиланишига хизмат қилади. Маълумки, қон босимининг кўтарилиши ва организмда холестерин миқдорининг кўпайиши натижасида юрак хасталиклари вужудга келади. Бундай беморларга шифокорлар энг содда даво усули сифатида ҳар куни маълум бир вақт мобайнида тоза ҳавода сайр қилишни тавсия этишади. Шунингдек, пиёда юриш инсон мияси фаолиятини ҳам яхшилайди.
Амалга оширилаётган бунингдек тадбирлар аҳоли орасида спортнинг оммалашишига таъсир кўрсатади, албатта.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶