ТИББИЁТ БИРЛАШМАСИДА СОҲАДАГИ ВАЗИФАЛАР ИЖРОСИНИ ТАЪМИНЛАШ БЎЙИЧА ЙИҒИЛИШ ЎТКАЗИЛДИ
Амударё тумани Тиббиёт бирлашмасида Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида шу йил 17 июнь кунги кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича йиғилиш ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова иштирокида ўтказилган мазкур йиғилишни Бирлашма бошлиғи Фарҳод Абдуллаев олиб борди. Унда Беруний, Тўрткўл, Элликқалъа туманлари Тиббиёт бирлашмаларининг Кўп тармоқли марказий поликлиникалари мудирлари, Тиббиёт бирлашмалари бошлиқларининг Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосарлари, бош шифокор ўринбосарлари, бош акушер-гинекологлари ва Амударё туманида фаолият юритаётган Кўп тармоқли марказий поликлиника, оилавий поликлиникалар, Марказий шифохона бўлим мудирлари, тор доирадаги мутахассислар иштирок этишди.
Кун тартибида Ўзбекистон Республикаси Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2022 йил 17 июнь куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш, бу бўйича ҳар бир туман учун “Йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш масалалари кўрилди.
Кун тартибидаги масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова сўзга чиқди. Шунингдек, Президент раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилиши баённомасида белгиланган бандлар юзасидан интерфаол усулда кенг ва батафсил тушунчалар берилди. Ундан ташқари, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш хизматини 2022-23 йилларда янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастурини амалга ошириш борасида бажарилиши лозим бўлган вазифаларга кенг тўхталиб ўтилди.
Таъкидланганидек, кўп тармоқли марказий поликлиникаларда болаларни оммавий скрининг қилиш ва селектив йўллар билан онкогемотологик касалликларни эрта аниқлаш, Аёллар маслаҳат хоналари ва туғруқ муассасалари ҳамда тиббий бригада доялари фаолиятини мувофиқлаштириш, туғиш ёшидаги аёлларнинг электрон базасини яратиш, вояга етмаган қизларни эрта турмушга беришга тўлиқ барҳам бериш энг долзарб масалалар ҳисобланади.
Шу билан бирга исталмаган ҳомиладорликнинг олдини олишга қаратилган тарғибот ишларини кучайтириш, туғиш ёшидаги аёллар ва ҳомиладорларнинг базасини шакллантириш, ҳар бир туман учун “Йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Йиғилиш давомида барча туманлардан ташриф буюрган тиббиёт соҳаси масъуллари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхоновага ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар ва тегишли жавоблар олдилар.
Йиғилиш сўнгида барча туманлардаги Тиббиёт бирлашмалари бошлиқлари ўринбосарларига, Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича муовинларга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида шу йил 17 июнь куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йигилишининг тегишли баёнида белгиланган туғиш ёшидаги аёллар ва ҳомиладорларнинг маршрутини белгилаш ишларини амалга ошириш, ҳар бир ҳудуд учун “Йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлатиш вазифаси топширилди.
Жумабой Явқашев, туман ТТБ шифокори.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶