Амударё тумани ҳокими Султонбой Йўлдашев ва бир қатор туман фаоллари халқаро ташкилотнинг эсдалик нишонлари билан тақдирланди
12 октябрь куни Амударё туманига “Амир Темур” халқаро хайрия жамоат фонди ижрочи директори, фонднинг Наманган вилояти муассасаси раиси Соҳиба Аъзамова бошчилигидаги бир гуруҳ жамоат ташкилоти вакиллари ташриф буюрди.
Амударё тумани ҳокимлигида жамоат ташкилотлари масъуллари иштирокида ўтказилган йиғилишда туман ҳокими Султонбой Йўлдошев ва бир гуруҳ нуронийлар, турли соҳалар вакиллари иштирок этди.
Тадбир аввалида туман ҳокими Султонбой Йўлдошев сўзга чиқиб, мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, уларнинг Қорақалпоғистон Республикаси, хусусан Амударё тумани аҳолиси ҳаётида ўз аксини топаётгани, халқимиз турмуш сифати кун сайин яхшиланаётгани ҳақида гапирди.
“Амир Темур” халқаро хайрия жамоат фонди ижрочи директори Соҳиба Аъзамова ўз нутқида Қорақалпоғистонда кейинги йилларда амалга оширилган қурилиш ва бунёдкорлик ишлари, иқтисодиёт ривожига амударёликларнинг қўшаётган ҳиссаси ҳақида тўхталиб ўтди. Жамият тараққиёти ва халқ фаровонлигига давлат органлари, хусусий сектор қаторида нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам фаол ҳисса қўшиб келаётгани қайд этилди.
Хусусан, буюк давлат арбоби Амир Темурнинг ижтимоий-сиёсий меросини, маданият ва маънавият тараққиётига қўшган улкан ҳиссасини чуқур ўрганиш, ёш авлодда миллий ифтихор ва мустақил Ватанимиз ўтмишига ҳурмат, келажагига ишонч туйғуларини шакллантириш мақсадида ташкил қилинган “Амир Темур” халқаро хайрия жамоат фонди ҳам бу борада изчил ишларни амалга ошириб келаётгани эътироф этилди.
Таниқли давлат арбоби ва саркарда Амир Темурнинг жаҳон маданияти тарихига қўшган ҳиссасини ўрганиш ва тарғиб қилиш, унинг номи билан боғлиқ нодир меъморий ёдгорликларни тиклаш, таъмирлаш ва асрашга ёрдам бериш, шу ишларга муносиб ҳисса қўшиб келаётган фидойиларни рағбатлантириш мақсадида “Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди” эсдалик нишони таъсис этилган.
Тадбирда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ёш авлодни ҳар томонлама комил инсонлар қилиб тарбиялаш ишларига қўшаётган ҳиссаси учун туман ҳокими Султонбой Йўлдошев “Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди” эсдалик нишони билан мукофотланди.
Шунингдек, фонд ижрочи директори Ички ишлар органлари фахрийси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Амударё туманидаги халқ қабулхонаси мудири Эркин Ражабовга ҳам “Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди” эсдалик нишонини тантанали равишда топширди.
Фонд томонидан, шунингдек “Бердақ Қарғабай ули” халқаро эсдалик нишони ҳам таъсис этилган. Ўзбек ва қорақалпоқ халқлари орасидаги азалий дўстлик ва биродарлик ришталарини мустаҳкамлашга, қорақалпоқ адабиётини янада ривожлантириш ва ёшлар маънавиятини юксалтириш ишларига ҳисса қўшаётган юртдошларимиз ушбу эсдалик нишони билан тақдирланади.
Амударё тумани тарихий-ўлкашунослик музейи раҳбари, таълим фахрийси Шавкат Чаршамов, Амударё тумани “Нуронийлар” жамоатчилик Кенгаши раисининг ўринбосари Бекман ота Аллаберганов, тадбиркор Шуҳрат Маткаримовлар ҳам ушбу эсдалик нишони билан тақдирланди.
Биз ҳам ўз навбатида мукофот соҳибларини қутлаб, уларнинг Ватан тараққиёти ва халқ фаровонлиги, давлат ва жамият равнақи ҳамда ёш авлод камолоти йўлидаги фаолиятида омад ва зафарлар ёр бўлишини тилаймиз.
Туман ҳокимлигининг ахборот хизмати.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶