ЧОЙКЎЛЛИК КИТОБХОН ЁШЛАР УЧУН “КИТОБЛАР КАРВОНИ” ТАДБИРИ ЎТКАЗИЛДИ
Яхши китоб – бамисоли жавоҳирот сандиғи. Ундан баҳраманд бўлган сари инсоннинг қалби янгиланади, эзгу ишлар қилмоққа шайланади. Юрагидаги ғубор тарқаб, тугунлар ёзилади. Шунинг учун ҳам китобхон инсон билан китоб ўқимаган инсон ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Китобхон инсон ўз дунёқарашининг кенглиги, фикрининг теранлиги билан бошқалардан ажралиб туради. Президентимиз ёшлар маънавиятини юксалтирувчи беқиёс қудратли куч – китоб эканлигини тез-тез такрорлаб туришлари бежиз эмас. Чунки китоб мутолааси ёшлар маънавиятини юксалтирибгина қолмай, уларнинг ҳаётда тўғри йўл танлашларида муҳим аҳамиятга эга.
“Менинг оилам” газетаси таҳририяти ижодий жамоаси томонидан бу борада кенг қамровли тадбирлар амалга оширилмоқда. Таҳририятнинг “Беш муҳим ташаббус – ёшларга қанот” мавзусидаги грант лойиҳаси доирасида барча тоифадаги ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида жойларда ташкил этилаётган учрашувлар, давра суҳбатлари, кўрик-танловлар, самимий мулоқот тадбирларига ногиронлиги бўлган ўқувчи-ёшлар ҳам қамраб олинаётгани ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири жорий йилнинг 12 май санасида Чойкўл овули ҳудудидаги 22-сонли умумтаълим мактабида бўлиб ўтди. Президентимиз томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббуснинг тўртинчиси айнан ёшлар китобхонлигини ривожлантиришга қаратилгани чойкўллик ёшлар ҳаётида ҳам ўз аксини топмоқда. Бугунги кунда овул ҳудудидаги 3 та умумтаълим мактабларида таълим-тарбия олаётган ўқувчи-ёшларнинг китоб мутолааси учун вақт ажратишларига етарли шарт-шароит мавжуд. Чунки ҳудуддаги умумтаълим мактаблари, шунингдек, Чойкўл маданият марказида кутубхоналар фаолияти йўлга қўйилган. 22-сонли мактаб кутубхонаси эса доимо ёш китобхонлар билан гавжум бўлади. Мазкур кутубхонада фаолият олиб борувчи Шаҳноза Ендирбоева ҳар бир китобхон билан, айниқса, ногиронлиги бор бўлган ўқувчи-ёшлар билан турли мавзуларда суҳбатлар олиб боради, китобхон ўқувчиларни қизиқтирган саволларга жавоб беради. Салкам 500 нафар аъзоси бўлган мактаб кутубхонаси бугунги кунда ҳақиқий маънавият масканига айланган.
“Беш муҳим ташаббус – ёшларга қанот” мавзусидаги грант лойиҳаси доирасидаги “Китоблар карвони” тадбирида “Жайхун илҳомлари” ННТ раиси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий Уюшмаси аъзоси Ўрозали Рейимов ННТ ҳузуридаги кутубхонага олиб келинган янги адабиётлар кўргазмасини ташкил этди. Тадбирда 22-сонли мактаб директори Азимжон Бекберганов, “Менинг оилам” газетаси махсус мухбири, “Беш муҳим ташаббус – ёшларга қанот” лойиҳаси координатори Робия Йўлдошевалар иштирок этишиб, ногиронлиги бўлган ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг истеъдодларини юзага чиқариш борасида таҳририят ижодий жамоаси томонидан амалга оширилаётган маънавий-маърифий тадбирларнинг мазмун-моҳияти ва улардан кутилаётган натижалар хусусида сўз юритдилар.
Бугунги кунда 600 дан ортиқ китоб жамғармасига эга бўлган “Жайхун илҳомлари” ННТ кутубхонасининг кўчма “Китоблар карвони” тадбири чойкўллик ёшлар учун янада қизиқарли адабиётлар билан танишиш имконини яратди. Ёш китобхонлар “Китоблар карвони” кўргазмаси орқали тақдим этилган асарларни қизиқиш билан варақлаб, албатта “Жайхун илҳомлари” ННТ кутубхонасига аъзо бўлиш истагини белдирдилар. Ногиронлиги бўлган китобхон ёшларнинг ўзлари ёқтирган асарларни мутолаа қилишларига шароит яратиш мақсадида ҳудуддаги мактабларнинг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилари алоҳида рўйхат тузиш орқали бундай тоифадаги китобхон ёшларни қўллаб-қувватлаш ва албатта улар хоҳлаган бадиий адабиётларни беминнат етказиб беришни йўлга қўйишларини билдирдилар.
Китоб – мўъжизалар олами. Китобхон ана шу мўъжизалар оламига кирган сари заковатли, ҳар қандай вазиятда фикрини эркин ифода этаоладиган шахс сифатида камол топади. Чойкўллик ёшлар учун ташкил этилган “Китоблар карвони” тадбири айнан ана шундай заковатли инсонларни камол топтиришга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этди.
Тадбир давомида китобхон ёшлар ўзлари севиб ўқиган бадиий асарлар қаҳрамонлари ҳаётидан олган таассуротлари ҳақида тўлқинланиб сўзладилар. Шеърлар айтишиб, ўзларини қизиқтирган саволларни бердилар. Китобхон ёшлар билан “Менинг оилам” газетаси таҳририяти ижодкорлари, шунингдек, “Жайхун илҳомлари” ННТ раиси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий Уюшмаси аъзоси, шоир Ўрозали Рейимовлар самимий мулоқотда бўлдилар ва китобхон ёшларнинг барча саволларига жавоблар бердилар.
Равшан БАҲРОМОВ, Маҳмуджон ШОМУРОДОВ.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶