ЎҚИТУВЧИЛАР ОИЛАСИНИНГ МУНОСИБ ВОРИСИ
Дунё тарихига назар солсангиз, энг ривожланган давлатлар тараққиётига таълим-тарбия тизимига юксак эътибор қаратилгани сабаб бўлганини кўрамиз.
Ҳа, юрт осойишталиги, авлодлар баркамоллиги устоз-муаллимларнинг маҳоратига, таълим- тарбияси самарасига боғлиқ. Зеро мурғак қалбларга эзгулик уруғини сочадиган, оиласига, дўстларига, она юртига муҳаббат ҳиссини тарбиялайдиган, илмга ҳавас уйғотадиган табаррук инсонлар ўқитувчилар.
Амударё туманидаги 16-сонли мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Раҳимажон Сафарбоева ана шундай мўътабар касбни танлаб, шу туфайли шараф топаётганларнинг бири.
Унинг муаллимлик касбини танлагани бежиз эмас. Чунки у ўқитувчилар оиласида дунёга келиб, ёш авлодга меҳр-муҳаббатни, уларни илм-маърифатли қилиш йўлидаги фидойиликни ота-онасидан ўрганди, отаси Собир ака Сафарбоев, элнинг эъзозли нуроний онахонларидан бирига айланган Гулора Эшимбетовалар бир умр 16-сонли мактабда ўқитувчилик қилишди. Улардан ибрат олган фарзандлар ҳам захматларидан чўчимай, устозлик йўлини танлашди, Раҳимажондан ташқари акаси Азимбой, сингиллари Дилфуза, Дилшодалар ҳам бугунги кунда маҳоратли ва таниқли устозлар бўлиб етишдилар.
Раҳимажон Сафарбоева 1991 йилда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институти (ҳозирги шу номдаги Университет)ни математика-информатика ўқитувчиси ихтисослиги бўйича тамомлаб, 36-сонли мактабда илк ўқитувчилик фаолиятини бошлади. 1994 йилдан 2016 йилгача 16-сонли мактабда ўқувчиларга математика-информатикадан дарс берди. 2016 йилдан бери эса шу мактабда маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари вазифасини аъло даражада уддалаб келаётир. У мактаб ўқитувчилар жамоасида соғлом маънавий муҳит яратиб, уларнинг фаолияти самарали бўлишига интилади.
Мактаб – муқаддас даргоҳ, у ерда келажагимиз эгалари камолга етади. Уларни юксак иқтидорли, салоҳиятли қилиб вояга етказишда ўқитувчилар, айниқса, маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари саъй-ҳаракатлари ҳам жуда муҳим. Буни чуқур ҳис этган Раҳимажон ўқувчилар билан турли маънавий-маърифий тадбирлар, танловлар, давра суҳбатлари ўтказади, “Беш муҳим ташаббус” доирасидаги ва фан тўгараклари фаолиятини назорат қилади, ўқувчилар орасидаги интеллектуал салоҳиятли ва иқтидорлилари билан ўқитувчиларнинг алоҳида ҳам шуғулланишига шароит яратади. Натижада эришилаётган натижалар бири-биридан қувонарли.
Бу борада гап кетганида мактаб ўқитувчилар жамоаси ҳақида айтиб ўтиш ўринли. Мактабнинг 17 нафар ўқитувчилари турли тоифадаги миллий, халқаро сертификатлар соҳиби, кўпчилиги олий тоифали.
Улар таълим-тарбия берган, 2021-2022 ўқув йилида мактабни тугатган 75 нафар битирувчиларнинг 25 фоизи турли олийгоҳлар талабалари бўлишди. Жорий йилда 93 нафар битирувчиларнинг олийгоҳга кириш тест синовларида имтиёз берувчи миллий, халқаро сертификатларни ҳимоя қилиб олганлари бор. Бу йилги битирувчиларнинг олийгоҳларга кириш кўрсаткичлари ошиши кутилмоқда.
Бунингдек ютуқларда маънавият фидойиси Раҳимажон Сафарбоеванинг ҳам муносиб ҳиссалари бор.
Биз унинг келгуси ишларига ҳам муваффақиятлар тилаб қоламиз.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶