ЭЛИМ, ДЕГАН ЭЛ ФИДОЙИСИ
Бу ҳаёт карвони шундайки, ҳеч тўхтамайди, бир зум тин олмайди. Дарёсига ошиққан шаршара каби олдинга интилаверади, инсон эса ана шу карвон билан умр деб аталган сафарда ҳамроҳ.
Дарвоқе, умр – инсонга Аллоҳ томонидан инъом этилган энг олий мукофот. Унинг қадрига етиш, умр сафарини ўзининг саодатли амаллари билан гўзал тарзда адо этиш инсоннинг илм-у заковатига, фидойилигига, ташаббускорлигига боғлиқ. Агар таъбир жоиз бўлса, кўплаб манғитлик таниқли инсонлар, ҳатто олим-у арбобларга устозлик қилган фидойи ўқитувчи, Аллоҳ раҳмат қилсин, Қўзибой Рўзметов оиласида дунёга келган Рустам Рўзметовнинг ҳаёт йўли бир инсон орзу қилгудай ибратли лаҳзаларга бой бўлди. Ўта интизомли ва қаттиққўл ота тарбиясини олган Рустам Рўзметов 1953 йилда, Иккинчи жаҳон уруши асоратлари ҳамон кетмаган, оилаларда етар-етмаслик ҳукм сураётган бир даврда дунёга келди. Ҳаёт қанчалик оғир синовлари билан инсонларни қийнамасин, оиладаги 9 нафар фарзанднинг тўртинчиси бўлган Рустам ота-сининг ҳар бир сўзини, маслаҳатини мисли жавоҳирдай қабул қилди ва ўзидан катта ака-опалари изидан бориб, илм-ирфонга, китобга меҳр қўйди.
Отасининг: “жамики эзгуликларнинг калити илмда, китобда”, – деган ўгитини ўзига шиор қилиб олган Рустам Рўзметов умумтаълим мактабини муваффақиятли тамомлагач, 1970 йилда Самарқанд давлат университетининг кимё факультетига ўқишга кирди. Гарчи, оиласидан йироқда, олис Самарқанд шаҳрида таълим олаётган бўлса-да, у ҳамиша отасининг синчков нигоҳида, ҳар бир семестр ва ўқув йили босқичлари бўйича ҳисобдор эди. Чунки ўқиш масаласида фарзандларига нисбатан ўта талабчан бўлган Қўзибой ота Рўзметов уларнинг юриш-туриши, муомала-одоби, ўқишини назорат қилишни асло унутмасди. Шунданми, бу оила фарзандларининг барчаси ўқимишли, зиёли инсонлар бўлиб етишдилар.
Рустам Рўзметов университетни тугатгунга қадар, ундан кейин ҳам ота-онаси тартиб берган Қўзибой Рўзметовлар оиласига муносиб фарзанд сифатида ўз умрини эзгу амаллари билан зийнатлаб яшашга интилди ва бунга маълум маънода эришди.
Илк меҳнат фаолиятини 1975 йилда Амударё тумани қишлоқ хўжалик кимё корхонасида агроном бўлиб ишлашдан бошлаган Рустам Рўзметовнинг умр йўли бири-биридан масъулиятли лавозимларни адо этиш асносида гўзал ва ҳавасга муносиб мазмунлар билан бойиди. У 1975-1985 йилларда 30-сонли умумтаълим мактабида ўқитувчи, 1985-1987 йилларда Амударё тумани ижроия қўмитасида маслаҳатчи, тарғибот-ташвиқот ишлари бўйича бўлим мудирининг ўринбосари, 1987-1988 йилларда собиқ Иттифоқнинг Краснодар ўлкаси Коренев тумани ижроия қўмитаси инструктори лавозимларида фаолият юритиш орқали ўша давр давлат қурилиши асослари бўйича замонавий билим ва тажрибага эга бўлди. Натижада 1988 йилда Амударё тумани раҳбарияти унга юксак ишонч билдириб, Амударё туман ижроия қўмитаси ташкилий бўлим мудири лавозимига тайинлашди.
Ишонч – инсонга қанот, умидбахш орзуларга парвоз бергувчи куч. Қолаверса, ишончга сазовор бўлиш учун интилиш туйғуси инсонни маънавий жиҳатдан кучли қилади. Рустам Рўзметов ана шу туйғуларга ҳамроҳ яшаб, меҳнат қилди. У 1991 йилдан 2017 йилнинг январигача, то пенсияга чиққунига қадар турли масъулиятли лавозимларда фаолият юритди. Хусусан, ЎзХДП Амударё туман Кенгаши котиби, мазкур партия Кенгашининг биринчи котиби, Амударё тумани ҳокимининг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари, туман ҳокимининг биринчи ўринбосари – шаҳар ҳокими, Қорақалпоғистон Республикаси “Маҳалла” жамғармаси Амударё туман бўлинмаси раиси, “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг туман бўлинмаси раиси лавозимларида ҳамиша халқ орасида, халқнинг эртанги куни янада фаровон ва обод бўлиши йўлида сидқидилдан фаолият юритди.
Ишнинг кўзини биладиган, ҳар қандай вазиятда ҳам ўз вазифасини қатъият билан уддалайдиган инсонлар ҳамиша қадрланади. Рустам Рўзметов ҳам ана шундай инсонлар тоифасидан бўлгани учунми, “мен пенсияга чиқдим”, дея хотиржамлик билан халққа элтар эшикларни бирданига “ёпиб” кетмади. Аксинча, ЎзЛиДеП Амударё туман Кенгаши раисининг ўринбосари, аппарат раҳбари сифатида 2017 йилнинг август ойига қадар фаолият юритди.
Рустам ака Рўзметовнинг жўшқин меҳнат фаолияти билан кечган умр йўлларига назар солган киши унинг қадами етган манзилларда гўзаллик, эзгу амаллардан обод лаҳзаларга гувоҳ бўлиши табиий. Айниқса, бу туман ҳудудидаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, қишлоқ ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш, миллий урф-одат ва анъаналаримизни тиклаш, оила мустаҳкамлигини таъминлашга қаратилган эзгу ишларда яққол намоён. Бевосита Рустам Рўзметовнинг ташкилотчилигида тумандаги барча овул ва маҳалла фуқаролар йиғинларининг моддий-техника базаси мустаҳкамланди. “Маҳалла” хайрия жамоат фонди маблағлари ҳисобидан овул ва маҳалла фуқаролар йиғинлари офислари компьютер ва хона жиҳозлари билан таъминланди.
Рустам Рўзметовнинг аксарият раҳбарлардан фарқли бир одати бор эди. У ўзи раҳбарлик қиладиган соҳа бўйича муаммоларни шахсан ўзи ўрганиб чиқишдан ташқари, мавжуд муаммолар ечими топилмагунча тиниб-тинчимасди. Шу боис, у “Маҳалла” тизимида ишлаган 2004-2011 ва 2011-2017 йилларда 24та маҳалла ҳудудида 42,64 км. автомобиль йўллари, 25,7 км. табиий газ қувурлари, 47,75 км. узунликдаги ичимлик суви қувурларини таъмирлаш ишларига бош-қош бўлди.
Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, кичик ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш, ҳукумат Қарорлари ва ҳаётга жорий этилаётган янги Қонунлар ижросини таъминлаш, маҳалла институтини ривожлантиришга қаратилган учрашувлар, ошкора мулоқот тадбирлари, ўқув-семинарлар ва давра суҳбатлари ўтказиш орқали халқ билан мулоқот учун зарур шароитлар яратди. “Оила – маҳалла – таълим муассасаси ҳамкорлиги” тизимини ишлаб чиқди ва бу борада узвийликни таъминлашга эришди.
– Маҳаллаларга, олис қишлоқлардаги хонадонларга чиққанимизда замон талаблари даражасидан анча паст оилаларга дуч келардик, – дейди Рустам ака “Маҳалла” тизимида ишлаган даври ҳақида сўз юритаркан. – Боқувчисини йўқотган, доимий даромад манбаига эга бўлмаган оилалар турмуш тарзини яхшилаш, иложи борича уларнинг ҳаётига ёруғлик, рўшнолик олиб киришга ҳаракат қилардик.
Ваҳоланки, шундан кейин бундай оилаларни қўллаб-қувватлаш Рустам Рўзметов учун биринчи галдаги вазифага айланарди. Шу мақсадда Р.Рўзметов ҳомийлик ёрдамларини жалб қилган ҳолда 2014-2017 йиллар давомида кам таъминланган оилаларнинг салкам 2000 нафарга яқин фарзандлари ёзги дам олиш оромгоҳларида ҳордиқ чиқаришлари учун бепул йўлланмалар билан таъминланишига эришди. Ўша йилларда 14та оилага қорамол олиб берилиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга моддий ёрдам пакетлари ажратилди. Қувонарли томони шундаки, ўша пайтдаги туман Хотин-қизлар қўмитаси раиси Х.Ражабова билан ҳамкорликда 40та оила фарзандларининг суннат ва никоҳ тўйлари ўтказилишига бош-қош бўлди.
Рустам Рўзметов ўзининг 40 йиллик меҳнат фаолияти давомида деярли ҳар куни халқ орасида, ўзи учун азиз Аму элининг яхши кунида қувончларига шерик, ғамли кунларида дардкаш, елкадош бўлди. Нимаики, орзу-ниятлари бўлса, азиз халқи ва уларнинг орзулари билан бирга баҳам кўрди. Уруш ва меҳнат фахрийлари, ташаббускор, интилувчан ёшлар, айниқса, ижодкорлар билан бўладиган самимий суҳбатлар унга чексиз қувонч, руҳиятига қувват бағишлади. Шу боис, туманда яшаб, ижод этаётган ёзувчи ва шоирлар, ижодкорлар билан ёшларнинг учрашувлари, ижодий кечалар, адабий-мусиқий тадбирларнинг доимий ташкилотчиси эдилар ва бундан чексиз завқ олардилар.
Халқимиз закоси туфайли яралган гўзал ва пурмаъно бир ҳикмат бор: “Йигит етмишда етукликка етишади”, дейдилар. Рустам Рўзметов айни шу кунларда умр сафарининг етуклик манзилига етдилар. Демак, бу ҳали кексалик ҳақида сўз очишга эрта, дегани. Ҳамонки, фикри тиниқ, ёшлардай дадил ва ўктам Рустам Рўзметов бири-биридан ўқимишли, меҳнаткаш, баркамол уч ўғил ва бир этак невараларнинг бобоси сифатида ўзи истиқомат қиладиган Янгиобод маҳалласида обрў-эътибори бор, ҳурмати баланд. Умр йўлдоши, эл севган болалар шифокори Замирахон опа Юсупова билан фарзандларига, невара-чевараларига, маҳалла ёшларига яқин маслаҳатгўй. Турли байрамлар саналари муносабати билан дўст-у биродарлари, шогирдлари, фарзандлари меҳридан янада обод бўлиб кетадиган бу файзли хонадондан асло яхшиларнинг қадамлари узилмайди.
Бу ҳаёт карвонида ўз умр сафарининг етуклик манзили – етмишинчи довонидан ошган Рустам ака Рўзметовни қутлуғ ёшлари билан чин дилдан муборакбод этамиз.
Амударё деган бу маҳаллада,
Номи азиз, ўрни улуғ инсонсиз.
Элим, деган фидойилар сайланганда,
Маҳаллага сингган меҳри уммонсиз.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶