АЛ-ХОРАЗМИЙ ОЛИМПИАДАСИНИНГ ТУМАН БОСҚИЧИ ҒОЛИБЛАРИ АНИҚЛАНДИ
Амударё туманида умумий ўрта таълим мактабларининг 7-8-синф ўқувчилари ўртасида Ал-Хоразмий номидаги аниқ ва табиий фанлар (Science) олимпиадасининг туман босқичи бўлиб ўтди.
27 январь куни 76-сонли умумий ўрта таълим мактаби биносида бўлиб ўтган мазкур олимпиадага туманимиздаги 85 та умумий ўрта таълим мактабларининг жами 300 нафарга яқин 7-8-синф ўқувчилари қатнашдилар.
Олимпиаданинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигидан Фан олимпиадаси бўйича Иқтидорли болалар билан ишлаш сектор бошлиғи Зоҳида Усенова, Фан олимпиадаси бўйича Иқтидорли болалар билан ишлаш сектор методисти Фазилат Зарифова, туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Ялғашбой Шомуродов, Мактаблар фаолиятини мувофиқлаштириш шўъбаси раҳбари Ибрагим Ражабов, методистлар Ҳабибулла Давлетяров, Райҳон Якубова ҳамда олимпиада аудитория раҳбарлари, кузатувчилар, ҳакамлар иштирок этдилар.
Очилиш маросимида Зоҳида Усенова Ал-Хоразмий номидаги аниқ ва табиий фанлар олимпиадаси мақсад ва вазифалари ҳақида маълумотлар бериб ўтди. Шунингдек, туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудири Ялғашбой Шомуродов олимпиадани ўтказиш тартиб-қоидаларини тушунтирди.
Таъкидланганидек, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 сентябрдаги “Иқтидорли ўқувчилар ўртасида фан олимпиадаларини ўтказиш тизимини жорий қилиш ва хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактабни аниқлаш тўғрисида”ги 562-сонли қарорида умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида маҳаллий ва халқаро фан олимпиадаларини ташкил этиш, ўқувчиларнинг халқаро олимпиадалардаги иштирокини таъминлаш белгиланган. Қарорда келтирилган топшириқлар ижросини таъминлаш ва ўқувчиларни қуйи синфлардан бошлаб, фан олимпиадаларига тайёрлаб бориш мақсадида 7-8-синф ўқувчилари ўртасида Ал-Хоразмий номидаги аниқ ва табиий фанлар олимпиадасини ўтказиш йўлга қўйилган.
Шундан сўнг, аудитория раҳбарлари, кузатувчилар иштирокида белгиланган хоналарда Қорақалпоғистон Республикаси Мактаб ва мактабгача таълим бошқармаси томонидан тақдим қилинган топшириқларни бериш жараёни бошланди. Олимпиадада ўз билимини синовдан ўтказиш мақсадида ташриф буюрган ўқувчиларга математика фанидан 36 та саволдан иборат бўлган, шунингдек, табиий фанлардан кимё, биология, физика фанларидан ҳар биридан 12 тадан 36 саволдан иборат бўлган топшириқ ва жавоблар варақаси топширилди.
Олимпиада топшириқларини ечиш учун иштирокчиларга низом талаби бўйича 2 соат вақт берилди. Белгиланган вақтдан кейин аудитория раҳбари томонидан иштирокчилар жавоб варақалари рақамлаштирилган ҳолда ҳакамларга тақдим қилинди.
Натижаларга кўра математика йўналишидан 22-, 40-, 56-, 31-сонли мактаб ўқувчилари, табиий фанлар йўналишидан 39-, 16-, 40-, 11-сонли мактаб ўқувчилари совринли ўринларни эгаллаб, Ал-Хоразмий номидаги аниқ ва табиий фанлар олимпиадасининг Қорақалпоғистон Республика босқичида иштирок этиш учун йўлланма олдилар.
Совринли ўринларни эгаллаган ўқувчилар туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан тайёрланган диплом билан тақдирландилар.
Бу каби олимпиадалар ўқувчилар орасидан математика, физика, кимё ва биология фанлари бўйича билимли, ушбу фанга қизиқувчи, интилувчан ва ижодкор ёшларни аниқлаш ҳамда улардаги ижодий қобилиятларни рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этади.
Озода Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶