АМУДАРЁ АХБОРОТ-КУТУБХОНА МАРКАЗИДА МАКТАБ КУТУБХОНАЧИЛАРИ УЧУН АМАЛИЙ-ЎҚУВ СЕМИНАРИ ЎТКАЗИЛДИ
Ёшлар китобхонлигини ривожлантириш, маҳаллаларда ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда мактаб кутубхоналари муҳим аҳамият касб этади. Чунки китобхон ёшларнинг асосий қисми умумтаълим мактабларининг ўқувчи-ёшларидир. Уларнинг ёш тоифаларига монанд равишда адабиётларни танлашлари ва қайси китобларни ўқишлари учун зарур тавсиялар бериш эса мактаб кутубхоначисининг билим ва салоҳиятига боғлиқ.
Бу борада Амударё тумани Ахборот-кутубхона маркази ходимларининг умумтаълим мактаблари кутубхоначилари билан ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
Хусусан, Ахборот-кутубхона ходимлари томонидан ташкил этилаётган давра суҳбатлари, кутубхоначилар касбий маҳоратини оширишга қаратилган илмий-амалий ўқув семинарлари, кўчма кутубхона шаклидаги тадбирларга умумтаълим мактабларининг кутубхоначилари кенг қамраб олинаётгани мактаб кутубхоналари фаолиятини жонлантириш, китобхон ёшлар билан ишлашишдаги мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш баробарида айрим муаммоларни бартараф этиш имконини бермоқда.
Ахборот-кутубхона марказида 42-, 16-, 36-, 56-, 55-сонли умумтаълим мактаблари кутубхоначилари билан ҳамкорликда ўтказилган “Китобхонларга ахборот-библиография хизмати кўрсатиш, фондларни тўлдириш, сақлаш ва китобларга қайта ишлов бериш” мавзусидаги амалий-ўқув семинарида ҳам кутубхоначиларнинг касбий маҳоратини янада ошириш, ёшларни китобхонликка жалб этиш, ҳужжатлар билан ишлашдаги муаммоларни бартараф этиш борасида ўзаро тажриба алмашувлар амалга оширилди.
Амалий-ўқув семинарида Амударё Ахборот-кутубхона марказининг ахборот-библиография хизмати раҳбари Роҳатой Раманова ёшларни китобхонликка кенг жалб этишнинг янгича усуллари, соҳага оид меъёрий ҳужжатлар билан ишлашни ташкил қилиш йўл-йўриқлари хусусида сўз юритиб, янгиликларни соҳага кенг жорий этиш бўйича батафсил маълумотлар берди. Шу билан бирга, Роҳатой Раманова библиографиқ ёзувлар ҳамда картотекалар тузиш борасидаги ўз билим ва тажрибаларини мактаб кутубхоначилари билан бўлишди.
Шундан сўнг, Ахборот-кутубхона марказининг фондларни тўлдириш, сақлаш ва уларга қайта ишлов бериш хизмати мутахассиси Ирода Саъдуллаева янги келган адабиётларни тизимга олиш, ишлов бериш ҳамда қайта ишлаш, абонентлар ва фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш хизмати мутахассиси Муножот Сафарбоева фойдаланувчилар билан ишлаш ва электрон кундалик тузиш ҳақида керакли маълумот ва тавсиялар бердилар.
Амалий-ўқув семинари давомида умумтаълим мактаблари кутубхоначиларидан Гулистон Чоршамова, Муяссар Мадраҳимова, Меҳрибон Холмуродова, Муборак Йўлдошева, Назокат Саъдуллаева, Инобат Индировалар ўзлари фаолият юритаётган мактаблар кутубхоналарида амалга ошираётган ишлари, ёшлар китобхонлигини ривожлантириш борасидаги тажрибалари билан ўртоқлашдилар.
Бўлиб ўтган амалий-ўқув семинари мактаб кутубхоначиларининг китобхон ёшлар билан ишлаш борасидаги билим ва тажрибаларини янада мустаҳкамлади.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶