Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг 77-сессияси тўғрисида ахборот
2024 йил 29 июль куни Амударё тумани ҳокимлигининг мажлислар залида Халқ депутатлари туман Кенгашининг 77-сессияси бўлиб ўтди.
Сессияда Амударё тумани ҳокими Собир Хўжаметов, ҳоким ўринбосарлари, ҳокимлик масъул ходимлари, бўлимлар, ташкилотлар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Сессияни Кенгаш раисининг ўринбосари Ғуломжон Ешниёзов очди ва олиб борди. Сессия котиблигига 11-Ўрта қала сайлов округидан депутат Ҳамро Ходжаев сайланди.
Кун тартибидаги дастлабки масала юзасидан туман Қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Қудрат Абдикаликов ҳисобот берди.
Ҳисоботда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида Вазирлар Кенгашининг тегишли қарорлари билан туманда 2024 йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги экинлари оқилона жойлаштирилганлиги, лекин баъзи фермер хўжаликларида ушбу қарорлар талабларини бузиб, сувни кўп талаб қиладиган, жойлаштиришда кўрсатилмаган шоли экинини экиш ҳолатлари кузатилаётгани таъкидланди.
Ушбу масала бўйича Агросаноат мажмуаси устидан назорат қилиш инспекциясининг туман бўлими бошлиғи Сарвар Матякубов ҳамда туман ирригация бўлими бошлиғи Шукурулло Юсуповлар сўзга чиқиб, юқоридаги каби қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган фермер хўжаликлари билан тузилган ер ижара шартномаларини бир томонлама бекор қилиш таклифини қўллаб-қувватладилар.
Кун тартибидаги навбатдаги масала юзасидан Амударё тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Камилжан Айтбаев сўзга чиқиб, мол-мулк ва ер солиқларини йиғишда фаоллик кўрсатган Амир Темур номли овул ва Жумуровул маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларини маҳаллий бюджетнинг ортиқча бажарилган манбалари ҳисобидан бир марталик моддий рағбатлантириш таклифини билдирди. Таклиф дупутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.
Сессия кун тартибидаги навбатдаги масала юзасидан Кенгашнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш бўйича доимий комиссияси раиси Музаффар Ешчанов сўзга чиқиб, туманининг доимий аҳолиси сонидан келиб чиққан ҳолда тегишли қонун талабларига мувофиқ Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашидаги депутатлик ўринлари сонини навбатдаги чақириқдан бошлаб 25та этиб белгилаш тўғрисида таклиф киритди. Ушбу таклиф ҳам депутатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.
Сессияда Амударё туман Адлия бўлими бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи Шавкат Ваисниязов, тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг ўринбосари Ҳакимжон Собиров, туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Ялғашбой Шамуратовлар сўзга чиқиб, тегишли ташкилотларда 2024 йилнинг ўтган 6 ойи давомида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот бердилар.
Депутатлар тегишли масъулларга аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, туманда тиббиёт соҳасини янада ислоҳ қилиш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, мактабгача таълим соҳасида қамров даражасини ошириш, мактаб таълимида самарадорликни янада яхшилаш бўйича таклиф ҳамда тавсиялар билдирдилар.
Шунингдек, сессияда халқ депутатлари туман Кенгаши ваколатига кирувчи бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Депутатларнинг фикр ва мулоҳазалари тингланиб, фаол муҳокамалардан кейин кун тартибидаги барча масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶