Навоий, Чордара, Бўстон маҳаллаларида депутат ёрдами билан табиий газ босими яхшиланди
Кунлар совиши билан табиий газга бўлган эҳтиёж янада ортади. Инсонлар салқин ҳаводан паналаниб, уйига томон шошади. Ҳақиқатан, иссиққина хонада ўтириб дарс тайёрлайдиган боланинг уйга вазифаси чала-чулпа қолиб кетмайди, иссиққина ошхонада овқат қиладиган келинчак докторга камроқ кўринади, иситиш тизими соз, табиий газ билан боғлиқ муаммо бўлмаган хонадон эгаларининг кайфияти ҳам ижобий бўлади.
Хонадонларимизга қувурлар орқали етиб келадиган қимматли бойликларимиздан бири бўлган табиий газ Амударё тумани Манғит шаҳрида жойлашган Чордара, Навоий, Бўстон МФЙларда бир пайтлари муаммо эди. Табиий газ босимининг пастлиги аҳолининг норозилигига сабаб бўлиб келаётган эди.
Муҳтарам Президентимизнинг махсус қарори асосида Қорақалпоғистонда аҳолининг турмуш фаровонлигини таъминлаш ва инфратузилмани яхшилаш масаласига катта эътибор қаратилмоқда.
Қолаверса, орамизда халқ дарди билан яшаб, халқнинг дуосини олиб келаётган, савобталаб инсонлар ҳам йўқ эмас. Ана шундай инсонларнинг бири – Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Қувончбой Баймуратовнинг саъй-ҳаракатлари ва ташаббуси билан бу муаммолар ижобий ечим топди.
Депутатнинг амалий ёрдами ва газ таъминоти корхонаси ходимларининг саъй-ҳаракатлари туфайли Чордара ҳамда Навоий маҳаллалари ҳудудларидан ўтувчи эски газ қувурлари янгиланиб, диаметри 219 мм, узунлиги 4,8 км. бўлган янги газ қувурлари тортилди ҳамда юқори босимли газ тармоғига уланди.
Натижада Чордара маҳалласидаги 386та, Навоий маҳалласидага 355та ҳамда Бўстон маҳалласидаги 412та, жами 1 минг 153та хонадонлар етарли даражадаги газ босими билан таъминланиб, кўп йиллардан буён аҳолини қийнаб келаётган муаммолардан бири бартараф қилинди.
Ушбу хайрли тадбирда туман ҳокими Собир Хўжаметов ҳам қатнашиб, янгидан ўрнатилган газ қувурларини бориб кўрди ҳамда мутасаддиларга қиш мавсумида аҳолини етарли миқдорда табиий газ билан таъминлаш бўйича кўрсатмалар берди.
Инсон ҳаётида қилган яхшиликлари қадар бахтли бўлади, деган гап бор. Чинданда, сув чиқариш, бирор жойни обод қилиш сингари аҳолини табиий газ билан муаммоларсиз таъминлаш ҳам бир яхшилик. Зеро, қувурлар орқали келаётган табиий газдан ҳосил бўладиган иссиқ ҳарорат кўнгилларга кўчиб, одамлар қалбини янада илитса ажаб эмас.
Азиза Мадраҳимова

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶