Тадбиркор – элга мададкор
Манғит шаҳрининг Беруний номли маҳалласида истиқомат қилувчи Назирбой ака Муродовнинг оиласи учун якунланган йил муваффақиятли бўлди. 40 йил ҳайдовчилик қилиб, оила тебратган Назирбой ака кейинги йилларда юртимизда тадбиркорларга яратилган шароитларга ҳаваси келиб, "Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлди, темир листлардан эшик, дарвозалар ясай бошлади.
"От изини той босади”, деганларидай, ўғли Маъмуржон ҳам отасига кўмакдош бўлиб юриб, қўли анча ишга келишиб қолганидан қувонган ота 2016 йил бошида "Маъмуржон” оилавий корхонасини ташкил этиб, ўғлининг устачилик билан жиддий шуғулланишига шароит яратиб берди.
– Мақтаниш бўлмасин-у ясаган темир эшик, дарвозаларимиз жуда пишиқ ишланган. Устидан урилган бўёқ худди идиш-товоқларнинг сиридай, қор-ёмғирда ҳам кўчмайди, ранги айнимайди, – дейди кулиб Назирбой ака.
Уйи олдидаги фуқароларнинг буюртмасига кўра тайёрланган эшик, дарвозаларни синчиклаб кўрсангиз, ҳақиқатан ҳам маҳсулот сифатига ҳавасингиз келади. Шунинг учун ҳам харидоргир.
- Келгуси йилда корхонамизга иморат қуриб, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ниятимиз бор. Қурилиш ташкилотларидан ўз маҳсулотимизга мижозлар топишга ҳаракат қилаяпмиз. Шунда уч-тўрт нафар коллеж битирувчиларини ҳам ишга қабул қилиш имкониятига эга бўламиз, – дейди Маъмуржон ўзича ҳисоб-китоб қилиб.
Ҳаракатда – баракат, - дейди доно халқимиз. Маъмуржоннинг ҳам янги йилда эзгу ниятлари ижобат бўлишига ишонгимиз келади.
Ойгул РАЖАБОВА,
Маҳмуджон ШОМУРОДОВ, газетанинг махсус мухбирлари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶