ЭЛИМ, ДЕБ ЯШАГАН ИНСОННИ ЭЛ УНУТМАЙДИ
"Агар кетганингни биронта одам сезмаса, демак, у даврада сен ҳеч ким эмассан”.
Машҳур файласуф айтганидай кимнингдир наинки даврадан, балки ҳаётдан кетгани ҳам бошқаларга унчалик сезилмайди, у ҳақдаги хотиралари ҳам тезда унутилади. Аксинча, яна бир тоифа одамлар борки, уларнинг ҳаётдан кетиши бутун халқ учун оғир йўқотиш бўлади, бундай кишилар кўнгилларда эзгу ишлари билан абадий яшайди.
Туманимизнинг собиқ ҳокими, иқтисод фанлари номзоди Ражаббой Йўлдашев, таъбир жоиз бўлса, ана шундай одамлар сирасидан эди.
Мен аввал, 1996 йилдан туман Маданият бўлими мудири, 2011-2012 йилларда "Нуроний” жамғармаси туман бўлинмаси раиси, кейинчалик бир йил "Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси сифатида Ражаббой Йўлдашев билан кўп бора суҳбатлашганман, хизмат лавозимимга доир муаммо, масала ва таклифлар юзасидан мурожаат қилган вақтларимда у киши доимо диққат билан қулоқ солиб, эътибор, амалий ёрдамлар берган.
Ражаббой Йўлдашев корхона, ташкилотлар раҳбарларига йиғилишларда доимо "дардингизни ичингизда йиғиб юрманг, муаммо бўлса, дадил ўртага ташланг, биргалашиб ечишга ҳаракат қиламиз”, дерди. Қабулига кирган одам билан хоҳ у катта ё кичик бўлсин, албатта олдига пешвоз чиқиб кўришиб, омонлик сўрашиб, кейин иш юзасидан гаплашарди. Қайси соҳага доир мажлис бўлса-да, у киши иштирокчиларнинг деярли барчасини танир, сўзи орасида залдагиларга баъзан отини айтиб мурожаат қилар, кўрилаётган масала юзасидан фикрини сўрар ё авваллари йўл қўйилган бирон камчиликни қандай бартараф этганига қизиқарди.
Ражаббой Йўлдашев тумандаги барча фермерларни, тажрибали деҳқонларни, ҳар бир хўжаликдаги экин майдонларни ҳам яхши биларди, фалон отизда бундай бўлибди, фалон отизнинг экини чанқаб турибди, деб танбеҳ берарди. Шу баробарида меҳнатни қадрлашни ҳам жойига қўярди.
У киши камтарин, одамгарчиликли ва шундай фидойи ва юксак ақл-заковат эгаси эди.
Адашмасам, бу воқеа 2012 йилда бўлган эди. 9 май куни Хотира боғида Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали йиғилишга тўпланган эдик. Ражаббой Йўлдашев Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари билан бирма-бир кўришиб, омонлик сўрашиб чиқди. Шунда "Боғ” маҳалласида яшовчи фахрий отахоннинг соғлигида муаммоси бўлгани учун ёнида ҳамроҳлик қилиб келган турмуш ўртоғига:
– Отамизни ўғилларига ҳам ишонмай ўзингиз етаклаб келибсиз-да, онахон. Раҳмат сизга, отамизни асранг, уларни қанча эъзозласак, шунча кам, – деди.
Онахон чолининг соғлиги яхши эмаслигини, агар йўлланма беришнинг иложи бўлса, саломатлигини тиклашга олиб боришини айтди.
Шунда ҳали отахоннинг қўлини қўйиб юбормай туриб, Ражаббой Йўлдашев мени чақирди (Мен у пайтда "Нуроний” жамғармаси туман бўлинмасини бошқараётган эдим).
– Онахоннинг илтимосини бажара оламизми? – деди менга кулиб. Мен "албатта”, деб жавоб бердим.
Хуллас, икки-уч куннинг ичида уруш фахрийси Йўлдош Ортиқов ва турмуш ўртоғига сиҳатгоҳга йўлланмани олиб бориб бериб, бу ҳақда ёшуллига кириб айтганимда, қувониб, менга қайта-қайта раҳмат айтган. Ўйлаб кўринг-а, азизлар, елкасида бутун бир Амударёдай улкан туман ташвиши турган ҳокимнинг уруш фахрийсига шунчалик эътиборини нима деб аташ жоиз? Бу – Одамгарчиликми? Юртдошларига фидойиликми, ҳурмат-эътиборми? Йўқ, Ражаббой Йўлдашевга бу таърифларнинг барчаси ҳам камлик қилади. Чунки у кишининг доим фикри-ёди шу туман, меҳнаткашлар ташвиши билан банд бўларди, шу эл ташвиши билан бўлиб, ўзини ўйламасди, ҳаловат нелигини билмасди.
2012 йил кузида туманимизга "Нуроний” жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раиси Жалил оға билан давлат арбоби, узоқ йиллар республикамизга раҳбарлик қилган Қаллибек Камоловлар пахта йиғим-терими муносабати билан ташриф буюришди.
Меҳмонларни Ражаббой Йўлдашев билан Амударё понтон кўприги олдида кутиб олдик. Бирга овулларни айландик, фермернинг дала шийпонида тушлик қилдик. Уларнинг суҳбатига гувоҳ бўлиб Ражаббой Йўлдашевни нафақат амударёликлар, балки бутун Республикадаги таниқли одамлар ҳурмат қилишини ҳис қилганман.
Амударё тумани равнақи, эл фаровонлиги йўлида жонини аямай меҳнат қилган, халқининг юрагидан чуқур жой олган, меҳр-муҳаббатини қозонган Ражаббой Йўлдашевнинг ҳаётдан бевақт кетганлиги ҳар бир кўнгилда армон бўлиб қолди.
Ҳаётлигида ўз меҳнатлари билан ўзига ҳайкал қўйиб кетган туманимиз раҳбарини қутлуғ Рамазон ҳайити кунларида барчамиз эсга олиб, руҳи покига дуолар ўқиймиз. Элим, деб яшаган инсонни эл ҳеч қачон унутмайди.
Гулмирза НУРМАТОВ, меҳнат фахрийси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶