Эл дилида қолган эл севган ҳофиз
Эл-юрт ҳурматига сазовор бўлиб яшаган инсонларни эли, халқи ҳеч қачон унутмайди. Манғитлик оташнафас ҳофиз Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист Назир Раҳимов ана шундай эъзозга муносиб инсон эдилар.
Мен Назир Раҳимовни болалигимдан билардим. Болалигим, ўсмирлик ва йигитлик даврим Назир Раҳимов қўшиқларига ҳамдам ўтган. Унинг деярли барча қўшиқларини севиб тинглардим ва айримларини ёддан билардим.
Эсимда: отам жуда санъатсевар инсон эдилар. У иккинчи жаҳон уруши йилларида мактабда ўқитувчилик қилар, колхоз ишларига қарашар, ёз-у қиш тиним билмай ишларди. Қишнинг узун тунларида раҳматлик отам уйимизга бахши-ю созандаларни чорлар, қўни-қўшни, овул-эл йиғилиб уйимизда ажойиб қўшиқ ва куйлар, достонлар тинглашарди. Қўчқор бахши исмли бахши достон куйласа, ҳамма жим тингларди. Бир куни ана шу Қўчқор бахши: - Манғитда Назир Раҳимов деган ёш бир ҳофиз чиқибди, шуни бир чорласанг-чи, -деб қолдилар отамга. Отам Назир Раҳимов номини эшитиб қувониб кетдилар ва эртасигаёқ Манғит қалъасига йўл олдилар.
Назир Раҳимов отам билан бирга келгани, овулимиз аҳли илтимосини ерда қолдирмай қўшиқ куйлагани ҳамон ёдимда.
Кейинчалик мен Назир Раҳимов билан худди ака-укалардай яқин, таниш бўлиб қолдим. У кишининг концертларида ашулаларини жон қулоғи билан тинглаган, ҳатто битта ашуласини такрор-такрор куйлашини сўраб, халқ ҳофизни саҳнадан туширмай қўшиқ айттирганларига гувоҳман. Назиржон ака скрипкада ҳам, торда ҳам жуда чиройли, маромига етказиб куйлар эдилар. У кишининг содиқ шогирдларидан бири, раҳматлик Саидабдуллахўжанинг гувоҳлик беришича, ўзбек анъанавий қўшиқчилик мактабининг асосчиси Комилжон Отаниёзов ва машҳур санъаткор Ҳожихон Болтаевлар, Назир Раҳимовнинг матнни ёдлаш, куй ва қўшиқ ижро этиш қобилиятига юқори баҳо берганлар. Ҳатто халқ севган санъаткор, давлат мукофотлари соҳиби Отажон Худойшукуров Назир Раҳимов санъатига юқори баҳо бериб, тез-тез йўқлаб, дуоларини олиб турганлар.
Санъаткорнинг қўшиқлари – унинг иккинчи умри, шогирдлари эса издошларидир. Бугунги кунда Назир Раҳимов орамизда жисман бўлмаса-да, руҳан тирик. У шогирдлари ҳамон тилдан қўймай куйлаётган қўшиқлари билан Манғит элининг тўй-у маросимларида кезиб юргандай. Магнит тасмаларида халқимиз учун ёдгор бўлиб қолган “Феруз”, “Сувора” каби мумтоз қўшиқлари, машҳур “Кийик” қисса-қўшиғи эса ҳар бир хонадоннинг маънавий мулкига айланган.
- Мен қўшиққа ихлосни, куйлаш санъатини, қўшиқ устида ишлашни Назир Раҳимовдан ўрганганман. У кишининг хизматларини эл-юрт ҳам, шогирдлари ҳам ҳеч қачон унутмайди, -дейди Назир Раҳимовнинг шогирдларидан бири Чоршам Яхшимуродов.
Назир Раҳимовнинг невараси Икромжон Сийтимов эса бобоси куйлаб ўтган қўшиқларнинг доимий шайдоси ва моҳир ижрочисидир.
Қутлуғ ийд –Рамазон кунларида Назир Раҳимовни, у кишининг халқимизга қилган ҳалол хизматларини эслаб, руҳи шод, охирати обод бўлишини яратгандан сўраб қоламиз.
Турсунбой Абдуллаев, меҳнат фахрийси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶