Бошланғич таълимда самарадорликни ошириш орқали узлуксиз таълимнинг пойдевори мустаҳкамланади
Юртимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар узлуксиз таълим тизимини жорий этиш, мустақил фикр эгаси, эркин ва ижодкор шахсни тарбиялаб вояга етказишда алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон Республикасининг “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури” талабларини амалга ошириш жараёнининг биринчи босқичида муайян ютуқларнинг қўлга киритилганлиги эса сифат босқичини янада юқори кўтаришга имкон бермоқда.
Таълим тизими самарадорлигини ошириш, энг аввало, ўқувчининг қобилиятларини ҳисобга олиш билан ўлчанади. Бу муаммони таълим-тарбия тизимида педагогика ва психология соҳасидаги фундаментал назарий билимларни амалиётга жорий этиш, таълим соҳасида интеграциялашув жараёнини тезкор йўлга қўйиш, замонавий педагогик технологиялардан самарали фойдаланиш, фанга назарий ёндашувни мустаҳкамлаш орқали ҳал этиш мумкин.
Комил инсон қиёфасида акс этиши зарур бўлган сифатлар сирасидаги илмий билимлар ҳамда мутахассислик фанлари асосларини пухта ўзлаштириш, замонавий техника ва технологиялар хизматидан фойдалана олиш каби малакалар узлуксиз таълим тизимининг пойдевори ҳисобланган бошланғич таълим жараёнида шаклланади. Жамият таълим тизими олдига қўйган вазифаларнинг нечоғли сифатли бажарилиши айнан бошланғич таълим самарадорлигига бевосита боғлиқдир.
Мактаб ҳаётининг биринчи босқичи учун шу нарса характерлики, бола синфдаги ва уйдаги хулқини назорат қилувчи ўқитувчининг янги талабларига бўйсунади. Шунингдек, ўқув фанларининг мазмунига қизиқа бошлайди.
Мактабга қадам қўйиши билан бола ҳаётида муҳим ўзгаришлар содир бўлади. У янги режимнинг айрим муҳим одатларини ўзлаштиради, ўқитувчи ва ўртоқлари билан ишончли муносабатлар ўрнатади. Ўқув материали мазмунига нисбатан пайдо бўлган қизиқиш асосида унда ўқишга бўлган ижобий муносабат мустаҳкамланади. Бу ёшдаги бола идрокининг ўткирлиги ва софлиги, қизиқувчанлиги ва хаёлининг ёрқинлиги ҳаммага маълум. Буни унинг ўйинида, расм чизишида, лой ва пластилиндан нарсалар ясашида, оддий қуриш-ясаш машғулотларида яққол кузатиш мумкин.
Кичик мактаб ёши давомида болаларнинг ўқишга муносабатида муайян динамика кузатилади. Дастлаб улар ўқишга умумий ҳолда ижтимоий фаолият сифатида интилишади. Кейин эса уларни ўқув ишининг алоҳида усуллари жалб этади. Ниҳоят бола ўқув фаолиятининг ички мазмунига қизиқиб, ўқув-назарий вазифаларни аниқ- амалий вазифаларга мустақил ўзгартиради. Қизиқишнинг шаклланиш қонуниятларини тадқиқ этиш замонавий болалар ва педагогик психология вазифаларидан биридир. Ўқув жараёни ва ўқув фанларига қизиқиш ўқувчиларнинг идрок, диққат, хотира, тафаккур каби руҳий жараёнларига боғлиқ.
Шуҳрат АЛЛАНАЗАРОВ, 11-сонли умумий ўрта таълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶