МАҚСАДИМИЗ - ТАДБИРКОРЛАРГА ТАЯНЧ БЎЛИШ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2019 йил 14 майдаги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида туманимиздаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси томонидан кўпгина саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Тадбиркорлик соҳасидаги аниқланган муаммоларни таҳлил қилиш ҳамда уларни ҳал этиш бўйича қабулхона ҳузурида туман идораларининг вакилларидан иборат ишчи гуруҳи, штаб, ваколатли органлар вакиллари, тумандаги фаол тадбиркорлар, ҳуқуқшунослар ва тадбиркорларнинг бошқа вакилларидан иборат Тадбиркорлар жамоатчилик кенгаши фаолият юритмоқда.
2020 йил 1 октябргача қабулхона томонидан ҳудудларда жойлардаги муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишга кўмаклашиш мақсадида 32 та сайёр қабуллар ташкил этилди. Олиб борилган тарғибот-ташвиқот ишлари ҳамда ўтказилган суҳбатлар давомида тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагидаги фуқароларга йўл-йўриқлар берилди. Қабулхонада жами 250 та масала бўйича 238 та мурожаатлар рўйхатга олинди. Келиб тушган мурожаатларнинг 7 таси Республика миқёсидаги, 84 таси Қорақалпоғистон Республикаси миқёсидаги, 147 таси туман миқёсидаги мурожаатлар бўлиб, уларнинг 64 таси ўтказилган сайёр қабуллар орқали, 89 таси бевосита қабулхонага мурожаат қилиш орқали, 90 таси “Ишонч телефони” (call маркази) орқали, 5 таси business.gov.uz портали орқали электрон тарзда келиб тушган.
Рўйхатга олинган 238 мурожаатлардаги 250 та масалалардан 162 таси қаноатлантирилган, 84 тасига тушунтиришлар берилган, 4 таси эса тегишли ташкилотлар томонидан кўриб чиқилмоқда.
Мурожаатлар асосан кредит масаласида 65 та, ер, кадастр ва архитектура қурилиш масалалари бўйича 49 та, инфратузилма масалалари бўйича 14 та, бошқа масалалар бўйича 122 та келиб тушган.
Амударё туманидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонасига кредит олиш бўйича мурожаат қилган тадбиркорларга тижорат банкларидан кредит маблағлари ажратилишига амалий ёрдам берилди.
Шу йилнинг 25 март куни туманимизнинг Бўз ёп овулида яшовчи “Кўклан қўйбоқ” фермер хўжалиги раҳбари Худойбергенов Дилмурод Кўклановичнинг фермер хўжалигига "Агробанк" Амударё филиалидан наслли чорва моллари олиш учун 223 млн. сўм миқдорида кредит олишга ҳужжатларини топширганлиги, бироқ ҳал бўлмаётганлиги юзасидан банк томонидан таъминотчидан чорва молларини олишга кафолат хати берилишида ва кредит ажратилишида амалий ёрдам сўраб, мурожаат қилган эди. Мурожаат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Tадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси томонидан "Агробанк" Амударё филиалидан сўралган кредит миқдори ажратилишига амалий ёрдам берилди.
Манғит шаҳрининг Олмазор маҳалласида яшовчи тадбиркор Сардор Матёқубов эса 2 қаватли “Ёшлар меҳнат гузари” биносини фойдаланишга қабул қилиш бўйича кадастр ҳужжатларини олиш учун овора бўлаётганлигини билдириб, қабулхонага 2020 йил 21 январь куни амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган эди. Унинг мурожаати ҳам кўриб чиқилиб, “Ермулккадастр” ДК Амударё тумани филиали томонидан ижобий ҳал этилишига кўмак берилди.
Қабулхона фаолиятида бунингдек мисоллар жуда кўп. Бундан кўзланган асосий мақсад эса мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим ўрин тутувчи тадбиркорларга таянч бўлиш, улар учраётган муаммоларнинг қисқа муддатда бартараф этилишига яқиндан ёрдам беришдир.
М.ЎРОЗБОЕВ, Амударё туманидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг
Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси етакчи мутахассиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶