ШИФОКОРЛАР СУВГА ЧЎККАН, ИККИ ЁШГА ЕТМАГАН ГЎДАК ҲАЁТИНИ САҚЛАБ ҚОЛИШДИ
Фарзанд – ҳар бир инсонга Аллоҳ томонидан берилган бебаҳо неъмат. Бу бахтга мушарраф бўлган она ҳам, ота ҳам ўз фарзандини гўдаклигидан асраб-авайлаб, ақлан етук, жисмонан соғлом инсон қилиб вояга етказишга ҳаракат қилади. Туну-кунларини бедор ўтказиб, борлиғидан ҳам кечиб, эзгу ниятлар, катта орзулар, чексиз ҳавасларга тўлиб улғайтиради.
Куюк кўпир овулидаги Жаҳонгир Хўжанов ва Гуласал Кўклановаларнинг хонадонидан вояга етаётган жажжи Достонбек ҳам кундан-кунга кўзга кўриниб, оила қувончига айланди. Яратган ато этган бу неъмат билан бахти бекам бўлган ота-она шундай кунларнинг бирида ҳаётнинг оғир синовидан ўтишди.
Шу йил 5 апрель куни эрталабки соат 10 ларда ҳали 2 ёшга ҳам етмаган Достонбекнинг атрофда кўринмай қолганини дарҳол пайқаган оиладагилар излай-излай уни ариқдаги сувдан топишди. Танасида ҳаёт асоратлари деярли қолмаган гўдакни ота-она умид ва илинж билан, шифокорлардан нажот кутиб, дарҳол Куюк кўпир овулидаги 5-оилавий поликлиникага олиб келишди. Тиббиёт муассасасидаги оила шифокори Жамшид Абдураҳмонов ота-онасининг қўлида жонсиз келган Достонбекка кечиктирмасдан биринчи тиббий ёрдам чораларини қўллади ва туман марказидан Тез тиббий ёрдамни чақирди.
Зудлик билан етиб келган реанимацион бригада шифокори Икром Сарибоев билан сувга чўкиш, нафас йўллари аспирацияси, оғир даражали асфикция, ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилиги, клиник ўлимдан кейинги ҳолатда келган болани туман Тиббиёт бирлашмаси болалар реанимация бўлимига олиб келишди.
Бўлимда тажрибали шифокор, бўлим мудир Э.Хидиров, шифокорлар Э.Абилова, Н.Бозорбоева, Бирлашма бошлиғи ўринбосарлари Г.Юсупова, З.Ўрозбоевларнинг тўғри тактик ҳаракатлари ва ўз вақтида амалга оширилган, кўрсатилган юқори малакали тиббий ёрдами натижасида бемор қайта ҳаётга қайтарилди.
6 апрель куни жажжи Достонбекнинг аҳволи анча яхшиланди ва ота-онасининг бағрига қайтарилди.
Ж. Явқашев, ТТБ шифокори.
(Иллюстратив фото)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶