БЎШАБ ҚОЛГАН ДЕПУТАТЛИК ЎРНИ УЧУН КЎРСАТИЛГАН НОМЗОДЛАР БИЛАН САЙЛОВЧИЛАРНИНГ УЧРАШУВИ ЎТКАЗИЛДИ
Шу йилнинг 28 ноябрь куни Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашида бўшаб қолган йигирма учинчи Бобур сайлов округида депутат сайлови ўтказилади. Айни кунларда депутатликка номзодлар сайловчилар билан учрашиб, ўз сайловолди дастурлари билан таништирмоқда.
Жорий йилнинг 28 ноябрь куни Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашида бўшаб қолган йигирма учинчи Бобур сайлов округида депутат сайлови ўтказилади. Ушбу сайлов жараёнини демократик тамойилларга қатьий риоя қилган ҳолда ўтказиш, сайловолди тарғибот тадбирларини юқори савияда ташкил этиб, сиёсий партиялардан кўрсатилган депутатликка номзодларнинг таржимаи ҳоли ва меҳнат фаолияти билан сайловчиларни яқиндан таништириш мақсадида 18 ноябрь куни 86-сонли мактабда номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари иштирокида тарғибот тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партиясидан номзод Расул Тажибоев, "Адолат" социал-демократик партиясидан номзод Оғабек Оллоберганов, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон Либерал демократик партиясидан номзод Сарвар Шукуруллаев, Ўзбекистон Экологик партиясидан номзод Шавкат Янгибоев, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод Маҳмуд Эшманов ҳамда уларнинг ишончли вакиллари, шунингдек, сайловчилар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.
Дастлаб, депутатликка номзодларнинг ишончли вакиллари номзодларнинг таржимаи холи ва сайловолди дастурлари билан сайловчиларни таништириб ўтишди ва сайловда сиёсий партиялардан кўрсатилган муносиб номзодлар учун овоз беришга чақирдилар.
Шундан сўнг, номзодлар сўзга чиқиб, ўзлари аъзо бўлган сиёсий партияларнинг сайловолди дастурларида белгиланган устувор йўналишдарни ҳаётга татбиқ қилишга ва халқ олдидаги масьулиятни чуқур хис қилиб, депутатлик ваколати доирасида барча муаммоларни ечишга ҳаракат қилишга сўз беришди.
Депутатликка номзодлар билан учрашув йиғилишида бешта сиёсий партиядан кўрсатилган номзодларнинг сайловолди дастурлари сайловчилар томонидан атрофлича муҳокама этилди.
Хусусан, Экологик партиясидан кўрсатилган номзод Шавкат Янгибоевнинг атроф-муҳит муҳофазаси, иқлим ўзгаришларига қарши мамлакат миқёсида амалга оширилиши кўзда тутилаётган чора-тадбирлар, она табиатни асраб-авайлаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, чўлланиш ҳолатларининг олдини олиш, шунингдек, ўзимиз яшаб турган ҳудудда тупроқ экологияси бузилишининг олдини олиш, яшил ҳудудларни янада кенгайтириш борасидаги партия дастурида белгиланган устувор вазифалар бўйича шахсий ташаббус ва фикрларига сайловчилар вакиллари томонидан ижобий муносабатлар билдирилди.
Шунингдек, “Миллий тикланиш” демократик партиясидан кўрсатилган номзод Расул Тажибоев, “Адолат” социал-демократик партиясидан номзод Оғабек Оллаберганов, Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Сарвар Шукуруллаев ҳамда Ўзбекистон Халқ демократик партияси туман Кенгашидан номзод Маҳмуд Эшмановларнинг сайловолди дастурлари ҳамда шахсий ташаббус ва режаларига сайловчилар ўз муносабатларини билдиришди.
Депутатликка номзодларнинг сайловолди дастурлари юзасидан бўлган музокараларда иштирок этган сайловчилар вакиллари номзодларга ўзларини қизиқтирган масалалар, айниқса, номзод мабодо депутат бўлиб сайланган тақдирда халқ манфаати йўлида асосан қайси ташаббусларни энг устувор вазифа ҳисоблашлари хусусида саволлар билан мурожаат қилдилар. Депутатликка номзодлар сайловчилар вакиллари томонидан тушган саволларга навбати билан батафсил жавоб бердилар.
Очиқлик ва шаффофлик асосида, демократик руҳда ўтган депутатликка номзодлар билан учрашув сайловчиларнинг ҳар бир номзод аъзо бўлган партия дастури ҳақида аниқ ва муфассал тушунчага эга бўлишларида муҳим аҳамият касб этди.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶