ШИФОКОРЛИК – ФИДОЙИЛИК ДЕГАНИ
Мамлакатимизда бугунги кунда замонавий тиббиёт ривожи учун барча шароитлар яратилган. Тиббиёт соҳасини чинакамига халқ дардига дармон бўладиган, юқори самара билан ишлайдиган тизимга айлантириш устувор вазифага айланган.
Мен Тошкент Тиббиёт академиясида ўқиш ва амалиёт машғулотлари давомида ҳам, шифокорлик фаолиятим давомида ҳам буни чуқур ҳис қилиб келаяпман. 2004-2011 йилларда Тошкент Тиббиёт академиясида, 2011-2014 йилларда мазкур академиянинг магистратура бўлимида таҳсил олдим ва отоларинголог шифокор мутахассислигига эга бўлдим.
Туман Тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли поликлиникада қулоқ, томоқ, бурун касалликларига чалинган болалар, беморларни қабул қилиб, текшириб, уларга даво муолажалари буюраман, шунингдек, зарур ҳолларда марказий касалхонанинг травматология бўлимидаги қулоқ, томоқ, бурун касалликларини даволаш хонасида даволаб, соғлом ҳаётга қайтишларига кўмаклашаман. Марказий касалхонада қулоқ, томоқ, бурун касалликларига аниқ ташхис қўйиш ва самарали даволаш, юқори технологияли операцияларни муваффақиятли амалга ошириш учун барча шароитлар муҳайё. Мен яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, беморлар дардига дармон бўлишга интилмоқдаман.
Шифокорлик – оддий касб эмас, балки фидойилик дегани. Чунки беморни синчиклаб текширгунча, муолажа чораларини қўллаб, уни соғлом ҳаётга қайтаргунча вақт билан ҳисоблашмай ишлашга тўғри келади. Албатта, дард исканжасидаги беморнинг шифокор муолажаси туфайли соғайиб, кўзларида ҳаёт учқунлари порлаши бу – шифокор учун энг улуғ мукофот.
Халқимиз азал-азалдан одамларни аввало қайноқ меҳри, ширин сўзи билан даволаб келаётган тиббиёт ходимларини ҳурмат қилади, эъзозлайди.
Ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси Тиббиёт ходимлари куни сифатида нишонланиши давлатимизнинг бизнинг фаолиятимизга кўрсатаётган алоҳида эътибори рамзидир. Бу бизни халқимиз соғлиғини сақлаш йўлида яна ҳам самарали меҳнат қилишга ундайверади.
Фурсатдан фойдаланиб, соҳа ходимларини касб байрами билан қизғин қутлайман, ишларида муваффақиятлар тилайман!
Ғайрат ТОЖИБОЕВ, отоларинголог-шифокор.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶