Дўрманликлар марказлашган ҳолда пилла етиштирмоқда
Бугунги кунда юртимизда ипакчилик тармоғини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Ипак қурти парвариши ва пилла етиштириш – қадимдан халқимиз ҳаётида муҳим ўрин тутган, экологик тоза ва иқтисодий фойдали бўлган соҳалардан биридир. Мазкур йўналишнинг ривожланиши нафақат қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириш, балки аҳолини барқарор даромад манбаи билан таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Сўнгги йилларда ипакчилик тармоғини модернизация қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш ва халқаро бозорга чиқиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Фермер хўжаликлари, деҳқонлар ва тадбиркорлар ипак қурти уруғи, тут дарахти кўчатлари ва парваришлаш воситалари билан таъминланмоқда. Шунингдек, кластер тизими орқали пилла етиштирувчи хўжаликлар ва қайта ишловчи корхоналар ўртасида барқарор ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда.
Амударёликлар ипак қурти парвариши ва пилла етиштиришда республикада энг илғорлардан ҳисобланади. Туманда жорий йилда пилла етиштириш режаси 296 тонна бўлиб, 2 минг 658 та хонадонда 4 минг 936 қути ипак қурти парваришланмоқда.
Дўрман овули аҳолиси пиллачиликнинг мўмай даромад манбаи эканлигини чуқур англаб етган. Унинг меҳнатидан қочмай, ипак қурти парваришини марказлашган ҳолда ташкил этиши, ўзаро ҳамжиҳатликлари билан бошқаларга намуна бўлмоқда. Ҳар йили овулдаги банд бўлмаган хотин-қизлар овулдаги бўш турган биноларда ипак қурти парваришига жалб қилиниб, уларнинг оиласига даромад олиб келишига кўмаклашилмоқда.
Бу йилги мавсумда ҳам дўрманликлар туманда энг илғорлар қаторида марказлашган ҳолда пилла етиштирмоқда. 15 нафардан ортиқ аёл-қизлар 20 қути ипак қуртини парвариш қилиб, пилла хирмонига муносиб ҳисса қўшмоқда. Уларнинг машаққатли меҳнати ва ўзаро ҳамжиҳатликларини рағбатлантириш мақсадида туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Фахриддин Юсупов иш жараёнига ташриф буюрди.
Фахриддин Юсупов пиллакорларга ипакчилик бу нафақат иқтисодий фойда, балки оилавий барака, хотин-қизлар ва ёшлар учун иш ўрни, эканлигини таъкидлаб, бу йўналишдаги ҳар бир меҳнаткашнинг ҳиссаси таҳсинга лойиқ эканини қайд этди.
Тадбир давомида пиллакорлар фаол иштироки, сифатли ва мўл ҳосил етиштираётгани учун эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди. Уларнинг орасида узоқ йиллардан буён ипак қурти парвариши билан шуғулланиб келаётган тажрибали пиллакорлар, нуроний онахонлар бундай эътибор ва эътироф уларни янада кўпроқ меҳнат қилишга ундаётганини айтиб, миннатдорлик билдиришди.
Таъкидлаш жоизки, ипак қурти парвариши, айниқса, баҳор ва ёз мавсумларида минглаб оилалар учун мавсумий даромад манбаи ҳисобланади. Аёллар, ёшлар ва кексалар ҳам бу жараёнда фаол иштирок этиб, ўз турмуш даражасини яхшилаш имконига эга бўлмоқда.
Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶