Юрт ободлиги, аввало, маҳалладан бошланади
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 28 февралдаги фармойишига асосан 13–14 март кунлари “Юрт ободлиги, аввало, маҳалладан бошланади” шиори остида мамлакатимиз бўйлаб ўтказилган умумхалқ хайрия ҳашари аҳоли бирдамлиги, меҳр-оқибати ва бунёдкорлик салоҳиятини яна бир бор намоён этди. Айниқса, ҳудудларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва тозалик ишлари экология ва атроф-муҳит мусаффолигига ҳам ижобий таъсирини кўрсатди.
Амударё туманида мазкур умумхалқ хайрия ҳашарига 49 та маҳалла ва 30 та ташкилот жалб этилди. Ҳашарда жами 15 минг нафар фуқаро иштирок этиб, шундан 8 минг 500 нафарини ёшлар ташкил этгани айниқса аҳамиятлидир. Бу ёш авлоднинг юрт тақдири, маҳалла ободлиги ва экологик маданиятга дахлдорлик туйғуси юксалиб бораётганини кўрсатади.
Ҳашар давомида туманда умумий ҳажми 12 гектар бўлган майдонлар ободонлаштирилиб, жами 18 тонна маиший ва қурилиш чиқиндилари ташкилий равишда олиб чиқиб кетилди. Шунингдек, 25 километр узунликдаги ариқ ва лотоклар тозаланиб, бу ишларга 25 та техника воситалари жалб этилди. Ободонлаштириш тадбирлари доирасида 22 минг туп дарахт кўчатлари экилди, 25 минг туп дарахт оқланиб, суғорилди ва парвариш қилинди.
Амалий ишлар кўлами объектлар мисолида ҳам яққол кўзга ташланади. Жумладан, бозорлар ҳудудида 20 минг квадрат метр майдон тартибга келтирилди, 74 та қабристон, 3 та боғ ободонлаштирилди. Шунингдек, 392 та кўча тозаланиб, 2 та болалар ва ўсмирлар спорт майдончалари таъмирланди. Ижтимоий соҳа объектларида ҳам салмоқли ишлар бажарилиб, жами 165 та объект тартибга келтирилди. Улар орасида 86 та мактаб, 56 та мактабгача таълим ташкилоти, 15 та соғлиқни сақлаш муассасаси ва 8 та бошқа объектлар бор. Ушбу объектлар атрофи ва уларга туташ ҳудудларга жами 8 мингдан ортиқ туп дарахт кўчатлари экилди.
Айни пайтда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига кўмак бериш масаласи ҳам эътибордан четда қолмади. Хусусан, якка-ёлғиз ва боқувчисини йўқотган инсонларга қарашли 82 та хонадон томорқаси тартибга келтирилди. Шунингдек, 2 та оиланинг уй-жойи таъмирланиб, мазкур ёрдамга муҳтож оилалар хонадонида жами 200 квадрат метр ҳажмда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Хулоса қилиб айтганда, умумхалқ хайрия ҳашари нафақат ҳудудлар қиёфасини янгилаш, балки одамлар қалбида ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва ватанпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди. Обод маҳалла, ораста кўча ва файзли хонадонлар эса, шубҳасиз, юрт тараққиётининг муҳим мезонидир.
Саъдулла Садиков, Ўзбекистон Экологик партиясининг Амударё туман Кенгаши раиси
Мақола “Жайхун илҳомлари” ННТнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги
Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган
“Экологик маданият – соғлом келажак асоси” номли лойиҳаси доирасида тайёрланди.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶