САНЪАТКОРЛАР ОИЛАСИ САРДОРИ
Инсоннинг шахс сифатида шаклланиши кўп жиҳатдан ирсий омилларга боғлиқ, дейишади. Шу боис, айрим инсонларнинг алоҳида иқтидорига баҳо беришганида кўпинча: “қонида бор-да”, деган эътирофни эшитамиз. Таъбир жоиз бўлса, хушовоз хонанда, “Учқун” ашула ва рақс халқ ансамбли бадиий раҳбари Анвар Худойбергановнинг ижро маҳорати хусусида ҳам санъаткорнинг мухлислари айнан шундай таъриф беришади.
– Санъатга ихлос, қалбидаги жўшқинлик, ҳатто овоз тебранишлари ҳам худди Аллоҳ раҳмат қилсин бобоси Мурод бахшига тортган, – дея таърифлаган эдилар Анвар Худойбергановнинг устози, Қорқалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Гулмирза оға Нурматов.
Ахир халқимиз бежизга “оққан дарё оқаверади”, деган ҳикматни яратмаган.
Анваржон илк ашуласини айтиб, ота-онасини хурсанд қилганида ҳали жуда кичкина, 5-6 ёшли бола эди. Аллоҳ раҳмат қилсин ота-онаси Камол ота билан Марямжон она тартиб берган оиладаги ўзига хос маънавий-тарбиявий муҳитда 7 нафар ўғил-қиз вояга етишди. Оилада тўртинчи фарзанд бўлган Анваржон мусиқа мактабида таҳсил олувчи катта акаси Шомурод оғанинг рубоб чолғусида куй чалишларига шунчаки ҳавас қилиб эмас, балки ўта қизиқувчанлик билан бу чолғу асбобида куй ижро этишни мустақил ўрганди. Ундаги ихлос ва интилишни кўрган Шомурод акаси мусиқа мактабида ўзи ўрганган нимаики дарс-машғулот бўлса, Анваржонга эринмай ўргатди. Унинг интилиш ва ҳаракатларидан қувонган ота-онаси: “бобосига тортган, кимсан, Мурод бахшининг чевараси-да!” дея фахрланадиган бўлишди.
Ўз даврининг таниқли созанда ва достон куйловчи бахшиларидан бўлган Мурод бахшининг муносиб авлоди А.Худойберганов ўзининг ноёб иқтидори билан ўқувчилик даврида мактабда ўтказиладиган барча байрам тадбирларининг доимий иштирокчисига айланди. У умумтаълим мактабини тугатгач, Урганч шаҳридаги машҳур Матюсуф Харратов номидаги мусиқа билим юртига ўқишга кирди. Ўз қизиқишлари туфайли қашқар рубоби, афғон рубоби, тор, дутор каби миллий ва шарқ халқлари созларида куйлар ижро этишни қойилмақом уддалайдиган А.Худойберганов билим юртида пуфлаб чалинадиган мусиқа асбоблари туркумига кирувчи труба чолғуси сир-асрорларини 3 йил давомида мукаммал ўрганди ва мазкур билим юртини муваффақиятли тамомлагач, 1983 йилда Тошкент Давлат маданият институтига ўқишга кирди. Институтдаги олий таълим жараёни, устозларининг назарий ва амалий машғулотлари асносидаги талабчанлиги, қолаверса, ўзининг камданкам одамлардагина кузатиладиган ўткир зеҳни ва қобилияти унинг ўз мутахассислигини пухта эгаллаши учун имкон яратди. У устозларининг маслаҳати билан ўқиш жараёнини бевосита ўз соҳаси бўйича иш жараёни билан қўшиб давом эттириш мақсадида институт таҳсилини сиртқи бўлимга ўтказди.
Унинг бу қарори институт таҳсили орқали олган билимини иш жараёнида мустаҳкамлаш, ўз соҳаси бўйича тажрибасини оширишга ёрдам берди. Ҳатто 1984-86 йилларда собиқ иттифоқнинг Хабаровск ўлка ҳарбий округи ҳарбий оркестрида хизмат бурчини ўтаган А.Худойберганов ўз ижролари билан бутун Хабаровск ўлкаси бўйлаб ҳарбий оркестрнинг ижодий гастролларида иштирок этди.
Кейинчалик А.Худойберганов 8 йил давомида Амударё туман Маданият уйи ҳузуридаги “Учқун” ашула ва рақс халқ ансамбли мусиқа раҳбари лавозимида фаолият юритди. Ўзининг ташкилотчилиги, соҳа бўйича юқори билим ва маҳоратга эга эканлигини меҳнат фаолияти жараёнида намоён этган Анвар Худойберганов 1994 йилдан ҳозирга қадар Амударё туман Маданият маркази ҳузуридаги “Учқун” ашула ва рақс халқ ансамбли бадиий раҳбари сифатида халққа сидқидилдан хизмат қилиб келмоқда.
У ўз фаолияти давомида ансамблга ёш, иқтидорли ижрочиларни жалб этиш, уларнинг қобилиятларини ривожлантириш, ансамблнинг турли мазмун ва шакллардаги кўрик-танловларда муваффақиятли иштирок этиши учун туман маданият бўлими раҳбарияти билан самарали фаолият олиб борди. Натижада “Учқун” ашула ва рақс халқ ансамбли нафақат Амударё тумани, балки Қорақалпоғистон Республикаси миқёсидаги давлат тадбирларининг ҳам доимий иштирокчисига айланди.
Хусусан, Орол денгизининг қуриган тубида яшил ўрмонзорлар барпо этаётган кўнгиллилар, механизаторларнинг маданий дам олишини таъминлаш мақсадида 2019 йилда ташкил этилган “Орол умиди” тадбирида бадиий жамоа ўз концерт дастури билан иштирок этиб, Оролбўйи яшил маконини яратишга муносиб ҳисса қўшди. Бундан ташқари, шу йили Чимбой ва Мўйноқ туманларида бўлиб ўтган давлат тадбирларида махсус концерт дастури билан иштирок этган “Учқун” ашула ва рақс халқ ансамблининг бадиий чиқишлари, ижрочиларнинг маҳорат ва юксак маданияти тадбирлар ташкилотчилари ва халқимиз эътирофига сазовор бўлди.
Катта ижодий жамоага раҳбарлик қилиш, жамоанинг ҳар бир аъзосига қобилияти ва ижро маҳоратига кўра талаблар қўйиш, иқтидорли ёшлар билан тизимли иш олиб бориш, айниқса, санъат соҳасида анчайин мураккаб жараён. Оммавий маданият унсурлари ҳар қадамда хавф солиб турган бугунги тезкор замонда ансамбль фаолиятини бир маромда йўналтириб туриш раҳбар зиммасига катта масъулият юклайди. Буни чуқур ҳис қилган А.Худойберганов ижодий жамоада устоз-шогирд анъаналари асосида 30 нафар ёш ижрочилар билан алоҳида шуғулланишга, ёшлар ўртасида миллий-маданий қадриятларни ривожлантиришга жиддий эътибор қаратади. Шу боис, ижодий жамоа А.Худойберганов раҳбарлигида ўз фаолияти давомида кўплаб ижодий ютуқлар соҳиби бўлди. Хусусан, Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллиги муносабати билан “Самарқанд садолари” шиори остида ўтказилган ашула ва рақс жамоаларининг Ўзбекистон Республикаси кўрик-танловида ансамбль фахрли 2-ўринни эгаллади. 2009 йилда ҳаваскор бадиий халқ жамоаларнинг Ўзбекистон Республикаси фестивалида “Энг яхши халқ чолғу жамоаси” йўналиши ғолиби, 2011 йилда эса “Ягонасан, муқаддас Ватан!” Республика кўрик-танловининг ҳудудий босқичи ғолиби, ансамблнинг бадиий раҳбари А.Худойбергановнинг ўзи эса “Чолғу ансамбли” йўналиши бўйича 2011 йилда бўлиб ўтган Республика ҳаваскор жамоалари фестивалининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи совриндори бўлди. Ўша йили Навоий вилоятида бўлиб ўтган яна бир нуфузли фестивалда “Учқун” ашула ва рақс халқ ансамбли фестивалнинг қимматбаҳо совғаси ва Дипломи билан тақдирланди.
А.Худойберганов ҳам нуфузли ижодий жамоа раҳбари, ҳам эл севган санъаткор сифатида ҳамиша халқ билан бирга. Ўзи истиқомат қиладиган Арнабўйи маҳалласида бўлиб ўтадиган халқ сайиллари, тўй ва маросимларда, аввало маҳалла фаоли, қолаверса, ижролари халққа манзур санъаткорлар оиласи сардори сифатида ҳурмат ва эътибор қозонган. Бежизга маҳалладошлари А.Худойберганов оиласини “Оила – жамият таянчи” кўрик-танловида ғолиб сифатида танлашмаган. Мазкур кўрик-танловда “Ибратли санъаткорлар оиласи” йўналишида ғолибликни эгаллаган А.Худойберганов оиласи ҳақиқатан ҳам ибратга, эътиборга муносиб.
Нафақага чиққунга қадар 27-сонли мактабда ёшларга таълим-тарбия берган умр йўлдоши Дилбархон Бобожонова билан 4 нафар ўғилни тарбиялаб вояга етказишди. Бири-биридан ақлли, ўқимишли фарзандларининг каттаси Сарваржон ўз мухлисларига эга санъаткор, Амударё туман Маданият маркази ҳузуридаги “Офарин” фольклор-этнографик халқ жамоаси мусиқа раҳбари. Аброржон фермер хўжалигида ишлаш билан бирга моҳир созанда. Сардорбек ўз ашулалари орқали мухлислари эътиборини қозонган санъаткор бўлиш билан бирга 9-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида санъатсевар ёшларга мусиқа илмидан сабоқ беради. Оиланинг кенжа ўғли Санжарбек Худойберганов эса Шимоли-Ғарбий ҳарбий округ тасарруфидаги ҳарбий оркестрда хизмат қилади.
А.Худойберганов том маънода санъаткорлар оиласи сардори. У укаси Шавкатжон ва 4 нафар санъаткор ўғиллари билан нафақат Амударё туманида, балки қўшни Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси туманларида ҳамиша халқ хизматида. Унинг шахсий репертуаридан жой олган “Сувора” ва “Савти Сувора”, “Феруз-1”, “Феруз-2”, Ноқиснинг “Доғман” каби мумтоз-насиҳат ашулалари, халқ севган ҳофизлар Комилжон Отаниёзов, Ортиқ Отажонов, Отажон Худойшукуровлар куйлаган бадиий юксак ашулалари бугунги кунда халқимизнинг маънавий мулкига айланган.
– Халқ хизматларида мендан “Онажон” қўшиғини кўп сўрашади, – шогирди Муроджон Ибрагимов куй басталаган “Онажон” ашуласи билан танловларда ғолиб бўлганини фахрланиб сўзлайди у.
Дарвоқе, “Соғлом она ва бола” йили муносабати билан “Отам – суянган тоғим, онам – меҳр булоғи” Республика кўрик-танловида А.Худойберганов 3-ўринни эгаллаган, кўрик-танлов якунида олдинги ўринлар ижрочилари қолиб, А.Худойбергановнинг “Онажон” ашуласи яна бир бора янграган эди.
Қорақалпоғистон Республикаси ва мамлакатимиз миқёсидаги катта саҳналарда ўз ижро маҳоратини муваффақиятли намойиш этиб келаётган эл севган санъаткор А.Худойбергановнинг соҳа ривожига қўшаётган улкан ҳиссаси давлатимиз томонидан муносиб эътироф этилган. Масъул ташкилотлар томонидан фахрий ёрлиқлар, ташаккурномалар тақдим қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 15 йиллиги кўкрак нишони билан тақдирланди.
– Анваржон бундан-да юксакроқ мукофотларга муносиб, – дейди устози, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Гулмирза оға Нурматов.
Устознинг шогирдга ишончи – муносиб эътироф этилишида, дейишади. Биз эса чин кўнгилдан яхши, ёруғ ниятлар қиламиз: эл севган санъаткор, салкам 40 йилдан бери ўз қўшиқлари билан амударёликлар, шу баробарида қўшни Хоразм вилояти ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси туманларида ўзининг юзлаб мухлисларига эга санъаткор сифатида танилган Анвар Худойбергановга 60 ёшнинг остонасида янада жўшқин ижод ёр бўлишини тилаймиз.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶